Сирдарё вилояти Ширин шаҳрида ўтказилган тадбир шундай номланди. “Спортни сев, спорт билан яша” шиори остида фаол хотин-қизлар иштирокидаги велоспорт мусобақалари билан бошланган тадбир барча иштирокчиларга кўтаринки руҳ бағишлади.
Мусобақа иштирокчиларига ташкилотлар томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Ширин шаҳар Ёшлар марказида “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси, либослар бўйича мутахассислар, лидер хотин-қизлар иштирокида “Миллий либослар – миллат кўзгуси” мавзусида анжуман ўтказилди. Унда кийиниш одоби, маданияти, миллий либосларнинг тарихи ва бугунги кундаги уйғунлашуви, бу борадаги мавжуд муаммо ва камчиликлар бўйича маърузалар тингланади.



Конференцияда сўзга чиққанлар аёллар, айниқса, ёш қизлар ўртасида миллий руҳдаги, менталитетимизга хос кийимлар андозасини тарғиб қилиш давр талабига айланаётганига алоҳида урғу берди. “Ёшлар маркази” саҳнасида вилоятнинг барча туман-шаҳарларида фаолият юритаётган тикувчи ва дизайнерларнинг миллийликни ўзида акс эттирган “Миллий либосларда замонавий ва анъанавий қадриятлар уйғунлиги” мавзусида либослар намойиши бўлиб ўтди. Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш орқали хотин-қизлар учун янги иш ўринларини яратиш, муваффақиятли тадбиркор аёлларнинг тажрибасини оммалаштириш мақсадида ташкил этилган маҳорат дарслари тадбир иштирокчилари учун қизиқарли бўлди. Айниқса, “Юртимизнинг лидер тадбиркор аёллари” шиори остида “АслМед” хусусий тиббиёт клиникаси; “Дўстлик” МФЙ даги “Браво ширинликлари” қандолатчилик корхонасига уюштирилган бизнес саёҳатлар кўпчиликка манзур бўлди.


Ширин шаҳар А.Темур МФЙдаги табиий фанларга ихтисослаштирилган мактабда “Сиз қонунни биласизми?” мавзусида жамоалар ўртасидаги викториналар қизиқарли саволларга бой бўлди. Тадбирга Сирдарё вилоятининг барча туман-шаҳарларидан 300 нафар хотин-қизлар қамраб олинди.



Шуҳрат СУЯРОВ,
ЎзА мухбири.