Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Китобхон оналар куни” маърифий лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Журналистлар уюшмаси ҳамда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, “Олтин қалам” миллий мукофоти совриндори, “Дўстлик” ордени соҳиби, таниқли адиб ва шоир, журналист, устоз ва мураббий Тўлқин Эшбекнинг “Аёл ва Ой” шеърий китобининг тақдимоти ўтказилди.
Адабий тадбирда бугунги кунда халқимизни китобхон миллатга айлантириш борасидаги эзгу ишлар хусусида сўз юритилди.

Журналист, адиб, публицист, педагог, маънавият тарғиботчиси Тўлқин Эшбек китобхонлик тарғиботига фаол ҳисса қўшиб келаётган ижодкор зиёлилардан саналади.
Таниқли шоира Гулчеҳра Шаҳобиддин қизининг айтишича, бу каби китобхонлик тадбирлари уч йил давомида анъанавий ҳар ойнинг 17 санасида ўтказиб келинади ва бугунги адабий тадбирда Учтепа туманининг китобхон оналари ҳамда адабиётга меҳри баланд ёшлар таклиф этилди.
Тўлқин Эшбекнинг "Аёл ва Ой" китоби мунис ва мўътабар онахонларимиз, табаррук аёлларимиз, муҳтарама сингилжонларимизга бағишлангани билан қадрлидир. Китобдан ўрин олган шеърлар оналарни, Ватанни, ҳаётни улуғлашга чорлаши билан диққатга сазовор.
Китобга моҳир журналист, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, “Саодат” журнали бош муҳаррири Мунаввара Усмонова сўз боши ёзган.
Эътироф этилганидек, она ва аёл мадҳини тараннум этиш ҳар бир шоир учун катта шараф. Шоир Тўлқин Эшбек ушбу китобида Ерни – эрга, унинг йўлдоши Ойни – онага ва оила бекасига қиёслаб, шеърлар битган. Уларнинг ибратли жиҳатларини бадиий бўёқларда ифода этиб, мухлисларини оналарга мудом эҳтиром кўрсатишга ва оила бекаларига меҳр-оқибатли бўлишга чорлайди. Демак, бу тўплам барча оналар-у бахтиёр оила бекаларига шеърий-маърифий туҳфадир. Китоб “Dunyo-nashr” нашриётида чоп этилган.
Тадбирда Тўлқин Эшбек ижоди, унинг "Аёл ва Ой" китоби хусусида батафсил сўз юритилди.
Назокат Усмонова, ЎзА