Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аёл ва болани молхонада сақлаб, таҳқирлаган шахслар озодликдан маҳрум этилди
15:25 / 2026-01-12

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Узун туманида аёл ва унинг янги туғилган фарзандига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ўтказилгани тўғрисида хабарлар тарқалган эди.

Шу ҳақда келиб тушган хабарга асосан, маҳалла профилактика инспектори томонидан хонадон эгалари қаршилигига қарамасдан молхона эшиги бузилиб, хонадон эгаси А.Ш.нинг норасмий турмуш ўртоғи Х.Г. ва унинг 5 ойлик ўғил фарзанди оғир шароитда мажбурлаб сақлаб келинаётгани аниқланиб, жабрланувчиларни зудлик билан тиббиёт муассасасига жойлаштирилган.

Жабрланувчи ва унинг фарзандига тиббий ёрдам кўрсатилиши билан бирга, ушбу ҳолат ижтимоий ҳимоя бошқармаси масъуллари томонидан алоҳида назоратга олинган эди.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, А.Ш. ва унинг ишга алоқадор бўлган уч нафар қариндоши процессуал тартибда қамоққа олинган.

Жиноят ишлари бўйича Узун тумани судининг ҳукми билан А.Ш. (эркак, 1981 йилда туғилган) Жиноят кодексининг 126-1, 127, 25, 135 ва 138-моддаларида, М.Ш. (аёл, 1975 йилда туғилган), К.Ш. (аёл, 1978 йилда туғилган) ва З.А. (аёл, 1951 йилда туғилган) 104, 127, 25, 135 ва 138-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилди.

Олий суд ахборот хизматидан маълум қилишларича, суднинг ҳукми билан А.Ш.га 13 йил, М.Ш. ва К.Ш.га 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, З.А.га 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Сурхондарё вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция/кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинди.

Н.Абдураимова,

ЎзА