Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг Навоий вилояти бўлинмаси томонидан молиялаштирилган “Аёл ва бола давлат ҳимоясида” номли грант лойиҳаси бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг амалий ифодаси бўлиб хизмат қилмоқда.
Лойиҳа ижрочиси – “Қалбга қайтиш” ижтимоий-психологик маркази томонидан олиб борилаётган ишлар аёлларнинг ҳуқуқий, психологик ва иқтисодий жиҳатдан мустаҳкам турмуш кечиришини таъминлашга қаратилган.

– Сўнгги йилларда юртимизда хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилиш, уларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди марказ директори Сафия Ходжаева. – Мазкур лойиҳамиз доирасида 60 нафар аёлни қамраб олдик. Уларга малакали психологлар томонидан индивидуал суҳбатлар, психологик маслаҳатлар ҳамда стрессни енгиш бўйича тренинглар ўтказилиб, руҳий барқарорлигини тиклаш ва мустақил ҳаётга мослашишига кўмак берилмоқда. Бугунги кунга қадар 16 марта психологик семинар ташкил этилди.

Шунингдек, 40 нафар аёлга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш белгиланган бўлиб, алимент ундириш, никоҳдан ажратиш ва мол-мулкка оид масалаларда амалий кўмак берилмоқда. 9 марта ўтказилган ҳуқуқий саводхонлик дарслари иштирокчиларнинг ўз ҳуқуқларини билиши ва ҳимоя қила олиш кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бу эса мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш ва адолат тамойилини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар мазмуни билан уйғунликда амалга оширилмоқда.

Лойиҳада иқтисодий мустақиллик масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. 20 нафар аёл касб-ҳунар курсларига жалб қилиниб, тикувчилик, пазандачилик ва ҳунармандчилик йўналишларида билим ва амалий кўникмаларга эга бўлмоқда. “Тадбиркорлик ва бизнес асослари” ҳамда “Тикувчилик” бўйича 3 марта бепул ўқув курслари ташкил этилди. Лойиҳа ҳисобидан зарур хомашёлар билан таъминлаш орқали уларнинг ўз даромад манбаини яратишига шароит яратилмоқда.

Ҳимоя ордери олган аёлларни қўллаб-қувватлаш бугунги ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири бўлиб, у фақат муаммони бартараф этиш эмас, балки аёлларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши, ўз ҳаётини мустақил ва барқарор равишда қуришига хизмат қилади. Навоий вилоятида амалга оширилаётган ушбу лойиҳа хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида белгиланган чора-тадбирлар билан ҳамоҳанг эканлиги билан аҳамиятлидир.
А. Бўриев, ЎзА