Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аёл тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга бағишланган халқаро бизнес форум ўтказилади
18:24 / 2021-06-11

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Марказий Осиё ва Афғонистонда барқарор ривожланиш сари хотин-қизларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш» мавзусида ўтказиладиган Халқаро бизнес форум юзасидан брифинг бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда қатор тегишли вазирлик ҳамда ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган.

Брифингда ОАВ вакилларига халқаро бизнес-форум доирасида ўтказиладиган тадбирлар ҳамда унинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий аҳамияти хусусида зарур маълумотлар берилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 22 февраль куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида қилган нутқида Ўзбекистонда Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёлларининг мулоқоти ва хотин-қизларнинг минтақавий бизнес-форумини ўтказиш айтиб ўтилган эди. Ушбу ташаббус доирасида бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, ўтган давр мобайнида аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш учун 224 мингдан ортиқ хотин-қизга жами 6.9 триллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди.

Бугунги кунда мамлакатимиз Қонунчилик палатасида депутатларининг 32 фоизини аёллар ташкил этади, Сенат аъзоларининг 23 фоизи аёллардир. Аёлларимиз маҳаллий кенгашларда ҳам фаол иштирок этмоқда. Ушбу кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон парламенти жаҳондаги 190 та парламент орасида 44-ўринни эгаллайди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан мамлакатимизда хотин-қизлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, уларни иш билан таъминлаш, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш мақсадида «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида тадбиркорлик қилиш истагида бўлган 125 минг 835 нафар хотин-қизларга имтиёзли кредитлар олишида кўмаклашилди.

Республика бўйича 30 ёшдан юқори бўлган жами 6,5 миллионга яқин хотин-қиз билан мулоқот ўтказилиб, уларнинг 6,8 фоизи яъни 432 минг 781 нафари «Аёллар дафтари»га киритилди.

Ҳозирги кунга қадар «Аёллар дафтари»га киритилган 131 274 нафар ишсиз хотин-қизлардан 131 109 нафарининг бандлигини таъминланди. 36 394 нафар хотин-қизлардан 36308 нафари касб-ҳунарга ва ҳаётга руҳлантириш (мотивация бериш) бўйича ўқитилди. 69 877 нафар хотин-қизлардан 68 281 нафари тадбиркорликка жалб этилди ва уларга кредит олишга кўмаклашилди. 15 665 нафар хотин-қизлардан 15 665 нафарига томорқадан даромад манбаи сифатида фойдаланиш учун кўмаклашилди.

Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармасидан хотин-қизлар тадбиркорлик марказларини ривожлантириш мақсадида 2020 йилда имтиёзли сертификатга эга бўлган аёлларнинг кичик бизнес лойиҳалари учун 102 миллиард сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди ҳамда хотин-қизлар учун 4 364 та янги иш ўринлари яратилди. Айни вақтда хотин-қизларимиз ҳунармандчиликнинг 27 та йўналиши бўйича фаолият юритмоқда.

– Ушбу форум аёллар тадбиркорлиги Марказий Осиё бўйича ҳамкорлигини кенгайишига яхши имконият яратади. – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси котибияти бош маслаҳатчиси Нодира Шотурсунова.

Дарҳақиқат Марказий Осиё етакчи аёллар мулоқоти доирасида ўтказилаётган мазкур бизнес форумда республикамиздан 140 нафар аёллар жалб қилинган. Бизнес форум уч босқичда ўтказилади. Биринчи босқичда тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандларнинг кўргазмалари намойиш этилади. Иккинчи босқичда кўргазма доирасида модалар намойиши, шу билан бирга тадбирнинг расмий қисми ўтказилади. Расмий қисмда мулоқот аъзолари томонидан ишбилармонлик йўналишига қаратилган, 2021 йилда Марказий Осиё тадбиркор аёллар ҳамкорлигини кенгайтиришга бағишланган бизнес режа, яъни йўл харитаси ишлаб чиқилади. Учинчи қисмида 400 нафар аёллар тўрт қисмга бўлинади ҳамда саноат йўналиши, хизмат-кўрсатиш йўналиши, ҳунармандчилик ва амалий санъат йўналиши ҳамда қишлоқ хўжалик йўналишларида B2B учрашувлар ўтказади.

Юлдуз Ўрмонова, ЎзА