Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аёл тадбиркорлар учун 4,1 триллион сўмлик имтиёзли молия ажратилди
18:44 / 2026-02-06

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки "We-Finance Code" халқаро ташаббуси доирасида 2025 йил якуни бўйича йиллик ҳисоботни эълон қилди. Ҳисоботда мамлакатда аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, молиявий хизматларга кириш имкониятларини кенгайтириш ҳамда банк тизимида гендер тенгликни таъминлаш йўналишида амалга оширилган ишлар натижалари акс этган.

Маълумотларга кўра, 2025 йил якунига келиб "We-Finance Code" миллий коалицияси аъзолари сони сезиларли даражада ошган. Дастлаб 3 та ташкилотдан иборат бўлган коалиция таркиби ўтган йил давомида 19 тага етган. Улар орасида миллий ва хорижий банклар, шунингдек микромолиявий ташкилотлар ҳам мавжуд.

Ҳисоботда қайд этилишича, 15 та молия ташкилоти ўз фаолиятида гендер кесимида маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилиш бўйича халқаро стандартларга асосланган тизимни жорий этган. Бу эса аёллар учун молиявий хизматларни янада мақсадли ва самарали йўналтириш имконини бермоқда.

Коалиция аъзолари ташаббуслари натижасида 2025 йил давомида аёл тадбиркорларга жами 4,1 триллион сўм миқдорида имтиёзли молиялаштириш ажратилган. Ушбу маблағлар кредитлар, инвестициялар ва бошқа молиявий хизматлар шаклида тақдим этилган.

Шу билан бирга, аёллар эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда 7 та янги молиявий маҳсулот ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилган. Улар орасида аёллар раҳбарлигидаги кичик ва ўрта бизнес учун мўлжалланган махсус кредит дастурлари, инвестиция маҳсулотлари ҳамда бизнес кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган хизматлар мавжуд.

Ҳисоботда таъкидланишича, йил давомида 27 минг нафардан ортиқ хотин-қизлар учун семинар ва тренинглар ташкил этилган бўлиб, уларнинг 70 фоизи ҳудудлар ва маҳаллаларда ўтказилган. Ушбу тадбирлар молиявий саводхонликни ошириш, бизнес режалаштириш, маркетинг ва молиялаштириш бўйича амалий кўникмаларни шакллантиришга қаратилган.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, "We-Finance Code" — аёллар учун молиявий хизматлар ва маълумотлар тизимини янада инклюзив қилишни мақсад қилган халқаро ташаббус бўлиб, бугунги кунда дунё бўйлаб 30 дан ортиқ мамлакатда жорий этилган.

Ўзбекистон мазкур ташаббусни Марказий банк раҳбарлигида миллий даражада жорий этган илк давлатлардан бири ҳисобланади. Шу доирада "We-Finance Code" миллий низоми ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилди. Ушбу ҳужжат банклар ва молиявий институтлар томонидан аёл тадбиркорларга кўрсатилаётган хизматларни стандартлаштириш, мониторинг қилиш ва натижаларни баҳолаш имконини яратади.

Шунингдек, ташаббус доирасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки (EBRD), Осиё тараққиёт банки (ADB) ҳамда бошқа халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари мавжуд.

Марказий банк маълумотларига кўра, "We-Finance Code" ташаббуси доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар мамлакатда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш ва барқарор молиявий инклюзияни таъминлашга қаратилган муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.

Ш.Маматуропова, ЎзА