Бутунжаҳон Интеллектуал мулк ташкилоти (БИМТ) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамкорлигида “Аёллар етакчилигидаги кичик ва ўрта бизнес субъектлари учун интеллектуал мулкни бошқариш клиникаси” мавзусидаги минтақавий семинар Тошкент шаҳрида ўтказилди.
Мазкур тадбир Марказий Осиё, Кавказ ва Шарқий Европа мамлакатларидаги аёллар раҳбарлигидаги кичик ва ўрта корхоналарни қўллаб-қувватлаш, уларнинг интеллектуал мулк соҳасидаги салоҳиятини ошириш ва бизнесни ривожлантиришда интеллектуал мулк стратегиясининг ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган.

Тадбирда БИМТнинг ўтиш давридаги ва ривожланган давлатлар департаменти директори Ҳабип Асан, ушбу департаментнинг Кавказ, Марказий Осиё ва Шарқий Европа бўлими бошлиғи Илья Грибков, шунингдек, Бизнес учун интеллектуал мулк бўлими дастури ходими Саидаҳмад Азимов, Адлия вазирлиги вакиллари, маҳаллий аёл тадбиркорлар ва бошқа халқаро экспертлар иштирок этди.
Иштирокчилар Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган аёл тадбиркорлар, хусусан, текстиль соҳасида йирик корхоналардан бири бўлган “Нуртех” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан яқиндан танишди.
Компания директори Муҳаббат Тошмуҳамедова тадбир иштирокчиларига компания фаолияти ҳақида маълумот берди. Бугунги кунда компания махсус кийимлар ҳамда пойабзал ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, минг нафарга яқин кишини иш билан таъминлаган.

Икки кун давом этган тадбирда Ўзбекистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон вакиллари ўз мамлакатларидаги тажриба ва ютуқлар билан ўртоқлашди. Шунингдек, аёл тадбиркорлар интеллектуал мулкни бошқариш, интеллектуал мулк стратегияларини ишлаб чиқиш ҳамда бизнесда инновацион ёндашувларни қўллаш бўйича амалий билим ва кўникмаларини ошириш имкониятига эга бўлди.
Тадбир якунида иштирокчилар интеллектуал мулкни бизнеснинг муҳим драйвери сифатида самарали қўллаш, БИМТ дастурлари ва янги ташаббуслари билан танишди.
Тадбир аёллар раҳбарлигидаги корхоналар учун интеллектуал мулкни бошқариш бўйича минтақавий ҳамкорликни кучайтириш ҳамда иқтисодий ўсишга кўмаклашиш йўлида муҳим қадамлардан бири бўлди.
Н.Абдураимова, ЎзА