Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар клуби “Аёл судьялар жамоаси”нинг онлайн-форуми бўлиб ўтди. Унда аёл судьяларнинг фаолияти, уларни қийнаётган муаммолар, фарзанд тарбиясидаги иштироки, ўзини тутиши, одил судловни амалга оширишдаги фаоллиги каби масалалар муҳокама қилинди.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда суд ҳокимияти мустақиллиги, очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, шунингдек,
жамиятда хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, гендер тенглигини таъминлаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Жумладан, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини янада оширишда аёл судьяларнинг ўрни ва иштироки кенгайиб бормоқда.
Мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган аёл судьялар сони йилдан-йилга кўпайиб бораётгани тизимда гендер тенгликка алоҳида эътибор берилаётганининг самарасидир.
Тадбирда қайд этилганидек, 2017 йилда судьялик лавозимида ишлаган аёл судьялар сони 115 нафар бўлган бўлса, ҳозирги вақтда келиб, улар 169 нафарни ташкил этмоқда. Эътиборлиси, 26 нафар аёл судья раҳбарлик лавозимида ишлаб келмоқда. Жумладан, 1 нафари Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари, 3 нафари вилоят суди раиси, 1 нафари вилоят суди раисининг ўринбосари, 21 нафари туман судларининг раиси лавозимида фаолият кўрсатмоқда. Аёл судьяларнинг 78 нафари судьялик лавозимида бўлиш муддатининг дастлабки 5 йиллик муддатига тайинланган. 77 нафари ўн йиллик муддатга, 9 нафари судьялик лавозимида бўлишнинг муддатсиз даврига тайинланган. Айни пайтда фаолият кўрсатаётган 13 нафар судья аёл турли даражадаги давлат мукофотлари билан тақдирланган.
– Судьялик лавозимида ишлаётган аёл судьялар сони йилдан-йилга ортиб бораётгани қувонарли ҳол, — деди Судьялар олий кенгаши аъзоси Жанагул Балкибаева. – Зеро, мамлакатимиз тарихида одил судловни амалга ошириб, ҳам жамиятда, ҳам иш фаолиятида, ҳам илмий фаолият, ҳам оилада ўз ўрнига эга бўлган Хадича Сулаймонова сингари кўплаб аёл судьялар ўтган. Аёл судьялар сонининг ортиб бориши соҳада гендер тенгликни таъминлаш билан бирга, одамларнинг суд ҳокимиятига бўлган ишончини оширишда, одил судловни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги жамоатчилик асосида фаолият кўрсатувчи Судьялар клуби таркибида тизим вакилаларига ўзларини қизиқтирган масалаларда фаол фикр алмашиш учун махсус онлайн платформа ишга туширилди. Ўтган қисқа вақтда “Аёл судьялар жамоаси” онлайн прлатформасида 72 мавзу бўйича 344 та муҳокама бўлиб, бунда касбий фаолиятидаги қонунни қўллаш масалаларидан ташқари маънавий-маърифий ва ахлоқий мавзулар юзасидан фаол фикр алмашилмоқда.
Дарҳақиқат, аёл судьялар бир вақтнинг ўзида холис ва адолатли қонун посбони бўлиши билан бирга, хонадон бекаси, она, рафиқа ҳамдир. Ҳар икки жабҳани уйғун тарзда олиб бориш, ҳам иш фаолияти, ҳам фарзанд тарбияси учун масъулиятни унутмаслик осон эмас. Шундан келиб чиқиб, йиғилишда аёл судьяларга нисбатан касбий фаролияти ва хизматдан ташқари вақтда қўйиладиган талаблар, уларнинг фарзанд тарбиясидаги иштироки, хос муаммолари ва уларнинг самарали ечимлари каби масалаларга эътибор қаратилди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Робархон Маҳмудова, Олий суд судьяси Санобар Мамадалиева, фахрий судья Хайринисо Ҳакимова ҳамда Судьялар олий кенгаши аъзолари аёл судьяларнинг оиладаги, фарзанд тарбиясидаги иштироки, уларнинг жамиятда, кўча-кўйда ўзини тутиши, одоб-ахлоқи, суд процесслари давомида адолатли қарор чиқариш каби масалаларда ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

– “Аёл судьялар жамоаси” онлайн прлатформаси аёл судьяларнинг ўз фаолиятидаги муаммоларини очиқ муҳокама қиладиган, ўзаро маслаҳатлашув майдонидир, — дейди Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби кафедра мудири, юридик фанлари доктори Сурайё Раҳмонова. – Бу прлатформада республикамиздаги аёл судьялар томонидан фаолиятимизга бевосита боғлиқ бўлган кўплаб масалалар муҳокама қилинади. Масалан, энг кўп муҳокама этиладиган масалалардан бири фарзанд тарбияси, уларга эътибор, вақт ажрата олмаслик, бунинг учун аёл судьяларга бироз енгилликлар бериш таклифлари илгари сурилади. Бундан ташқари, 5 йиллик муддатга тайинланган аёл судьялар ваколати давомида туғруқ таътилига чиқса, судьялик ваколат муддати тўхтатиб турилмайди, натижада туғруқ таътилидан қайтгунга қадар ваколат муддати тугайди. Шу боис кўплаб аёл судьялар туғруқ таътилида кўп ўтирмай, ишга қайтиши натижасида фарзанд тарбиясига қийналишади. Бу борадаги муаммоли масалалар ҳам ушбу платформада кенг муҳокама қилинади.
Йиғилишда қайд этилганидек, аёл судьяларни янада қўллаб-қувватлаш, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш, муаммоларни бартараф этиш улар фаолияти самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Форумда онлайн тарзда иштирок этган ҳудудлардаги аёл судьялар ҳам фаол иштирок этиб, ўз фикр-мулоҳазалари, таклиф ҳамда тавсияларини билдирдилар.
Муҳтарама Комилова, ЎзА