Афсуски кейинги пайтларда оилавий низолар сабаб аёлларимизга турмуш ўртоқлари томонидан турли тан жароҳатлари етказиш, ҳатто жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайди. Ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан олиб борилаётган профилактик ишлар кутилган самарани бермаяпти. Бухорода содир этилган мудҳиш қотилликка ҳам арзимаган рашк сабаб бўлган.
Жорий йилнинг 28 май куни соат тахминан 17:30 ларда Когон шаҳрининг “Беруний” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилиб келаётган 31 ёшли эркак ўз турмуш ўртоғи билан рашк туфайли ўзаро жанжалга бориб, ошхона пичоғи билан аёли танасининг турли соҳаларига бир неча маротаба уриб қасддан ўлдирган.
Шунингдек, ажратиш мақсадида ҳаракат қилган гумонланувчининг онаси фуқаро О.Х. ҳам ўнг билак соҳасидан жароҳат олиб касалхонага мурожаат қилган.
– Жорий йилнинг 28 май куни Когон шаҳрида содир бўлган ушбу ҳодиса юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилди, – дейди вилоят ИИБ матбуот хизмати раҳбари Шуҳрат Жалолов. – Шаҳар прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълум бўлишича, оила шундоққина маҳалла биноси рўпарасида истиқомат қилар экан.
– Бу оилани яхши биламиз, – деди Когон шаҳар “Беруний” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Раъно Файзиева. – Марҳума жуда оқила, оғир вазмин аёл эди. Ўзи тадбиркорлик билан шуғулланарди. Турмуш ўртоғи ҳам олий маълумотли ўзига тўқ. Тўғриси бу ҳолатдан барчамиз ҳайратдамиз. Оила зиёли, ҳаммаси ўқимишли. Онаси шифокор, руҳшунос бўлиб ишлайди. Ўғли олий маълумотли, ёғ заводида технолог. Оилада ҳеч қандай муаммо чиқмаган. Бирор марта бизга шикоят тушмаган. Маҳалла ёнида бўлгани учун ҳар доим кўриб турардик. Бу оилада бундай ҳодиса юз беради, деб ўйламаган эдик. Марҳума маҳаллада “Гўзаллик салони” очган эди. Ҳеч қачон турмуш ўртоғини ёмонламаган.
Аниқ бўлишича, оила маҳалладаги намунали оилалардан бири бўлган. Эр-хотин ўртасида илгаридан низоли вазият бўлганини эшитмаганмиз, дея маълум қилди маҳалла масъуллари.
Демак, мудҳиш ҳодисага арзимаган гап сўзлар сабаб бўлган бўлиши мумкин. Аянчлиси, икки нафар норасида ҳам она, ҳам ота меҳридан мосуво бўлди.
Зариф Комилов,
ЎзА