Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аёл-қизлар, оилалар доимий ва ишончли ҳимояда
12:18 / 2026-02-24

Юртимизда аёл-қизлар манфаатларини таъминлаш, гендер тенглик масалаларига оид давлат сиёсати янада ривожланиб, янги босқичга кўтарилмоқда.

Аёлларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, истеъдоди ва қобилиятини рўёбга чиқариш, гендер тенгликни таъминлашда муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Сўнгги йилларда қабул қилинган қонунчилик ҳужжатлари, миллий стратегиялар ва давлат дастурларининг самарали ижроси гендер тенглиги тамойилини барча соҳаларига изчил интеграция қилиш имконини бермоқда.

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ахборот хизмати маълумотларига кўра, 2030 йилга қадар 66 та бандни ўз ичига олган Ўзбекистон Республикаси гендер тенгликка эришиш стратегиясини амалга ошириш бўйича 2025 йил учун тасдиқланган комплекс чора-тадбирлар дастури доирасида тизимли ишлар амалга оширилди. 2025 йилда соҳага оид 16 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат (2 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2 та фармони ва 3 та қарори ҳамда ҳукуматнинг 9 та қарори) қабул қилинди.

Ушбу ҳужжатлар асосида гендер соҳасидаги янги имкониятлар очиб берилди. “Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги қонун билан 2026 йил 1 январдан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини Давлат ижтимоий суғуртаси ҳисобидан тўланиши белгилаб берилди.

Халқаро конвенцияларни ратификация қилиш имкониятлари ҳам ўрганиш ишлари янги босқичга олиб чиқилди. Қонунчиликка доир янги тадқиқотлар олиб борилмоқда. Хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида иш ҳақи тафовутини қисқартириш, компанияларни гендер бўйича рейтинги ва бошқарувда аёллар улушини ошириш, шунингдек иқтисодий ҳуқуқларни кафолатлаш бўйича Европа мамлакатлари, хусусан Франция, Германия ва Нидерландия каби 10 га яқин давлатлар тажрибаси ўрганилди. Бу таклифларнинг мақбул жиҳатларини амалиётга жорий этиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Аёлларнинг сиёсий маданиятини ошириш мақсадида партиялар ҳамкорлигида 600 дан зиёд тарғибот тадбири ташкил қилинди, 27 мингдан ортиқ аҳоли вакиллари жалб этилди. Сайловларда хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича Европа ва Яқин Шарқ давлатлари (Франция, Швеция, Дания, Норвегия, Миср, Эрон, Уммон давлатлари) тажрибалари ўрганилди.

Мамлакатимиз сиёсий майдонида аёллар нафақат фаол иштирокчи, балки етакчи сифатида ҳам майдонга чиқмоқда. Айни пайтда улар тадбиркорликда 45 фоиз, сиёсий партияларда 49 фоиз ва олий таълимда 54 фоизини, STEАM йўналишида 38 фоизни ташкил этмоқда.

Қурилиш соҳасида – 8 фоиз, транспортда – 12,6 фоиз, ахборот ва алоқа соҳасида – 35,3, молия ва суғурта фаолиятида – 37,2, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигида – 43,3, савдо соҳасида – 49,3, саноатда – 46,9, яшаш ва овқатланиш хизматлари соҳасида – 50,7 фоиз аёллар улушини ташкил этмоқда.

2025 йилда хотин-қизлар нисбатан кам фаолият юритаётган Энергетика, Қишлоқ хўжалиги ва Сув хўжалиги вазирликларининг 2030 йилга қадар гендер стратегиялари тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 5 майдаги тегишли фармонига мувофиқ, Давлат сиёсати ва бошқаруви Академиясида 6 ойгача бўлган муддатда ташаббускор аёлларнинг раҳбарлик кўникмаларини ривожлантириш ва уларни давлат хизматига тайёрлаш учун “Раҳбар аёллар” дастури жорий этилди. Бу мақсадда вазирликлар ва ҳокимликлар тавсиялари асосида 120 нафар хотин-қизлар рўйхати тузилди ва саралаш жараёни давом этмоқда.

Хоразм вилоятида давлат ва жамият ривожига салмоқли ҳисса қўшган Шакаржон Хўжаниёзова хотирасига бағишлаб “Раҳбар аёллар” танлови ташкил этилди. Мазкур танловда 100 дан ортиқ хотин-қизлар иштирок этиб, 15 нафари турли номинациялар бўйича ғолиб деб топилди. “Ҳокимликка тайёрлаш мактаби” қўшма таълим дастурида 14 нафар хотин-қизлар Германия давлатига махсус ўқув стажировкага юборилди.

Давлат хизматчиларининг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича қисқа муддатли курсларда 95  минг 273 нафар давлат хизматчилари иштирок этиб, уларнинг 21 фоизини хотин-қизлар ташкил этди. Одил судлов Академиясида жами тингловчиларнинг 38 нафарини (23 фоиз) хотин-қизлар ташкил этди. “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали нуфузли хорижий университетларда таълим олаётган 764 нафар стипендиатларнинг 266 нафари ёки 34,8 фоизи хотин-қизлардир.

Ташкилотларда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатларини таъминлаш бўйича маслаҳат кенгашлари сони 4 мингга етказилди. Эзгу қадриятларни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган оилаларга бериладиган “Ибратли оила” кўкрак нишони салмоғи 208 тадан 2 мингтага, яъни 9 баробар оширилди.

Олий маълумотга эга бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизларга ажратилган грант квота  2000 тадан 4000 тага, яъни икки баробар оширилди,  беш йил иш стажига эга, лекин олий маълумотга эга бўлмаган хотин-қизлар контракт квотаси 500 тадан 2500 тага оширилди. 2025-2026 ўқув йилида жами 255 минг 402 нафар хотин-қизлар олий таълимга талабаликка қабул қилинди (2025 йил режа – 250 минг нафар). Бундан ташқари, 187 минг нафар хотин-қизлар “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида ахборот технологиялари бўйича ўқитилди.  

Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан ўтказиб келинаётган “Олима аёллар” танловида 1 минг 612 та лойиҳа талабномалари ўрнатилган тартибда экспертиза босқичларидан ўтказилиб, умумий қиймати 127,3 млрд. сўм миқдоридаги 156 та лойиҳа саралаб олинди ва молиялаштирилди.

Бугунги кунда илмий-тадқиқот ишларини олиб бораётганларнинг 42 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Хусусан, фан докторларининг 26,5 фоизи, фалсафа доктори, фан номзодларининг 40,1 фоизи аёллардир.

Репродуктив маслаҳат ва жамоатчилик кўмагига муҳтож оилалар билан олиб борилган профилактик тушунтириш ишлари натижасида, эрта ва қариндошлар ўртасида никоҳни режалаштирган оилаларда аниқланган 1 минг 350 та муаммолардан 498 та салбий ҳолатларнинг олди олинди. 323  минг 694 нафар  опа-сингилларимизнинг соғлом турмуш тарзига риоя этиш тўғрисидаги фикрлари ўзгарди.

Қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш мақсадида республика бўйлаб 454 маротаба “Соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз” шиори остида ўтказилган учрашувлар, давра-суҳбатлари ҳамда спорт мусобақаларида 26 минг нафар қизлар жалб этилди. Онкологик касалликларни эрта аниқлаш борасида юртимиз аёллари онкоскрининг текширувидан ўтказилди, зарур ҳолатларда уларнинг 3 323 нафари мутахассис текширувига юборилди. Натижада, 2 589 нафарида касаллик эрта босқичда аниқланди. 3 245 нафари соғломлаштиришга жалб этилди.

Ижтимоий-иқтисодий соҳаларда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизда иқтисодий фаол аҳоли 15,6 миллион нафар бўлиб, шундан 7,7 миллион нафарини аёллар ташкил этади. 2025 йилда 2,6 миллион нафар хотин-қизлар даромадли меҳнат билан таъминланишига кўмаклашилди. 331 минг нафар хотин-қизлар касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди. 

Марказий банк билан биргаликда ҳомиладорлик ва туғиш таътилини олган аёллар учун банк кредитлари бўйича тўловлар муддатини 10 ойгача узайтириш амалиёти йўлга қўйилди.

Хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2025 йилда 427 минг нафар хотин-қизларга  салмоқли миқдорда  кредитлар ажратилди. Айниқса,  “Оилавий тадбиркорлик”, “Бизнесга биринчи қадам”, “Маҳалла лойиҳаси” дастурлари доирасидаги амалий ишлар кутилган ижобий натижаларни бермоқда.  Бунинг натижасида ўтган йилда республикамизда тадбиркор аёллар сони 217 минг 639 нафарни ташкил этди.  

1 191 та маҳаллада Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш маркази ташкил этилди. Хорижга кетган ва фарзандларини назоратсиз қолдирган хотин-қизларни аниқлаш ҳамда уларни Ватанга қайтариш бўйича Чирчиқ шаҳри “Навбаҳор” маҳалласида тажриба яратилди. Ушбу тажриба оммалаштирилиб, онлайн мулоқот орқали 270 мингдан ортиқ миграциядаги хотин-қизларнинг оилалари манзилли ўрганилди.

Онлайн мулоқотлар орқали хорижда кам даромад билан қийналиб юрган 230 мингдан ортиқ аёллар ватанга қайтарилди ва реинтеграция дастурлари амалга оширилди. Миграциядаги фуқароларнинг вояга етмаган фарзандларига белгиланган васий ҳамда ҳомийлар билан суҳбатлар ўтказиб борилди. “Аёллар дафтари”га киритилган 1 миллион 020 981 нафар хотин-қизларга амалий ёрдам кўрсатилди.

Ўтган вақт мобайнида Тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашга катта эътибор қаратилди. Хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича 416 та тақдимнома киритилди, 326 тасига таъсир чоралари кўрилди. 

Судларга киритилган  737 та даъво аризаларининг 683 тасига  асосан суд қарорлари қабул қилинди. Аёлларга нисбатан зўравонлик содир этган  9 237 нафар шахслар тузатиш дастуридан ўтказилди.  

37 минг 368 нафар хотин-қиз профилактик ҳисобдан чиқарилди. Жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган 841 нафар, муқаддам судланган 1 832 нафар, пробация ҳисобида турган 8 830 нафар, миграциядаги 270 минг нафардан ортиқ хотин-қизлар ва уларнинг оилаларига зарур ёрдам ва хизматлар кўрсатилди.

“Е-Ижтимоий профилактика” ахборот тизими доирасида 215 минг  896 нафар аёлларга ижобий якуний хулосалар берилди.  “Хавфсиз оила” модули орқали оила-турмуш доирасида ҳуқуқбузарлик, тазйиқ ва зўравонликни барвақт олдини олиш мақсадида судларда низолашаётган 70 минг  390 та оилаларнинг 68 минг 507 таси ўрганилди ва 39  минг 410 та оила барқарорлаштирилди.

Оилавий низоларни ҳал этишдаги янги ҳуқуқий механизмлар асосида Самарқанд ва Чирчиқ шаҳарлари ҳамда Наманган, Мирзо Улуғбек ва Қарши туманлараро судларида “Оила судьялари” корпуси фаолият олиб бормоқда. Улар томонидан жами 26  минг 904 та ишлар кўрилган. Оила судьялари жорий этилган ҳудудларда ижобий натижаларга эришилди. Хусусан, ихтисослашган судьялар томонидан яраштирилган оилалар сони 140 фоизга ортди, фуқаролар сарсонгарчилигининг олди олинди.

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан оилани жамиятнинг стратегик ижтимоий институти сифатида мустаҳкамлаш мақсадида давлат сиёсати истиқболлари ва устувор йўналишларини белгилаб беришни ўз ичига олган “Оила фаровонлиги-2030” миллий дастури ишлаб чиқилди. Оилаларга ва хотин-қизларга яхлит хизмат кўрсатиш, оилавий таълим дастурлари ва оилавий маслаҳат кўрсатиш борасида янги ёндашувлар асосида 205 та туман ва  Оила ва хотин-қизлар масканлари йўлга қўйилиб, 300 мингдан ортиқ маслаҳат хизматлари кўрсатилди. Буларнинг барчаси мамлакатимизда, аёл-қизлар ва оилалар манфаатини  таъминлаш масаласи давлат ва жамият эътиборида эканини кўрсатади.  

Н.Усмонова, ЎзА мухбири