French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аёл қадрини юксалтиришга бағишланган тадбир
18:57 / 2026-02-28

Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида жойлашган Ҳалима Худойбердиева ижод мактабида “Мен кучли аёлман” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Мазкур тадбир хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ҳамда гендер тенглик тамойилларини кенг тарғиб этишга қаратилди.

Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Наргиза Тожибоева, ижод мактаби директори, сенатор Покиза Аҳмеджанова, Сирдарё вилояти ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари, майор Муҳаббат Хидиралиева, шунингдек, мутасадди ташкилотлар вакиллари, фаол хотин-қизлар, ёшлар ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этдилар.

Сўзга чиққанлар мамлакатимизда хотин-қизларга яратилаётган кенг имкониятлар, уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, аёлларнинг тадбиркорлик, илм-фан, маданият ва давлат бошқарувидаги иштироки тобора ортиб бораётгани ҳақида атрофлича фикр билдирдилар. Қайд этилганидек, бугунги кунда хотин-қизлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий салоҳиятини рўёбга чиқариш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.

Тадбир давомида ибратли ҳаёт йўлини босиб ўтган, ўз меҳнати, сабр-матонати ва интилиши билан катта ютуқларга эришган аёллар ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Улар ёш қизларга аниқ мақсад қўйиш, замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаш, жамият ҳаётида фаол позицияни сақлаш муҳимлиги ҳақида қимматли тавсиялар беришди. Самимий мулоқот ва савол-жавоблар тадбир мазмунини янада бойитди.

Маънавий-маърифий қисмда ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлаш, оила муқаддаслиги, фарзанд тарбиясида онанинг беқиёс ўрни, жамият тараққиётида аёлларнинг ҳиссаси ҳақида маърузалар тингланди. Шунингдек, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, оилаларда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш юзасидан амалий тавсиялар берилди.

Тадбир якунида маданий дастур намойиш этилди. Ижодий чиқишлар, шеър ва қўшиқлар иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлаб, байрамона муҳит яратди.

– “Мен кучли аёлман” — бу нафақат шиор, балки ҳар бир аёлнинг қалбидаги ишонч, матонат ва келажакка бўлган интилишини кўрсатади. Мазкур тадбир хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини янада юксалтириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси бўлди, – дейди майор Муҳаббат Хидиралиева.

Ғулом Примов, ЎзА