Яшил баҳор нафаси юрт бўйлаб таралаётган айёмларда аёлларга эҳтиром ва эъзоз рамзига айланган гўзал анъаналар яна бир бор ёрқин намоён бўлди. Жиззах шаҳридаги Яккасарой тантаналар мажмуасида хотин-қизлар шарафига бағишланган байрам тадбири ана шундай руҳда — меҳр ва эътибор уйғунлигида ўтди.
Тантанали маросим Абдулла Қодирий номидаги Жиззах давлат педагогика университети ҳаётида фидойилик билан меҳнат қилаётган аёлларни тақдирлаш билан бошланди. Тадбирда иштирок этган ушбу олий таълим муассаси ректори, профессор Мақсуджон Йўлдошев барча хотин-қизларни 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни билан самимий қутлаб, уларнинг илм-фан, таълим ва жамият тараққиётидаги ўрни беқиёс эканини таъкидлади. Унинг таъкидлашича, аёллар нафақат оила меҳрини асрайдиган зот, балки жамиятни маънавий юксалтирувчи куч сифатида ҳам юрт равнақига хизмат қилиб келмоқда.


Тақдирлаш маросимида, аввало, илм-фан соҳасида юксак натижаларга эришган 10 нафар олима аёлга Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг махсус фахрий ёрлиқлари ҳамда университет ректори ташаббуси билан таъсис этилган кўкрак нишонлари топширилди.
Шунингдек, жамоат ишларида фаол иштирок этиб, университет ҳаётига муносиб ҳисса қўшаётган бир қатор хотин-қизлар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда университет ректорининг фахрий ёрлиқлари, вилоят касаба уюшмаси томонидан тақдим этилган ташаккурномалар ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.


Тадбир давомида саҳнадан янграган куй-қўшиқлар, дилбар рақслар ва ранг-баранг бадиий чиқишлар байрамга янада файз бағишлади. Самимий табриклар, қалбларни илиқликка тўлдирган суҳбатлар ва қувончга бой лаҳзалар бу кунни иштирокчилар хотирасида унутилмас онларга айлантирди.


Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири