Тошкентда илк маротаба ўтказилган “SheScience 2025” форумида минтақа олималари бирлашган позициясини ифодаловчи Қўшма баёнот қабул қилинди. Мазкур ҳужжат минтақада илмий-интеграцион жараёнларни жадаллаштириш, аёл олимларнинг етакчи ролини кучайтириш ва қўшма тадқиқотларни тизимли равишда ривожлантиришга йўналтирилган стратегик платформа бўлади.
Форумда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Озарбайжондан келган 60 дан ортиқ олима ва тадқиқотчилар қатнашишди. Улар иштирокида қабул қилинган баёнот келгусидаги ҳамкорликнинг беш устувор йўналишини белгилади ва форумни ҳар йили навбатма-навбат ўтказиш борасидаги келишувни ҳам мустаҳкамлади.
Тадбирда иштирокчилар фан ва технологиялар соҳасидаги глобал чақириқлар — экологик хавфлар, рақамли трансформация ва сунъий интеллектни татбиқ этиш — минтақа давлатларидан ягона ёндашувни талаб қилаётганини таъкидладилар.
Тадбир очилиши ва якуний ҳужжат муҳокамаларида сўзга чиққан Ўзбекистон ФА вице-президенти — Шаҳло Турдикулова минтақа илмий имкониятларини бирлаштириш зарурлигини алоҳида қайд этди. Унинг фикрича, “SheScience” Форуми аёл олимлар учун фақат илм ва фикр алмашиш майдони бўлибгина қолмай, балки янги илмий консорциумлар, тадқиқот ташаббуслари ва минтақавий лойиҳалар шаклланадиган платформа ҳамдир.
“Бу баёнот — шунчаки мақсадлар тўплами эмас. Бу биргаликда амалга ошириладиган реал ўзгаришлар учун аниқ йўл харитаси” деди, у.
Форум Ўзбекистон Фанлар академияси томонидан — Бутунжаҳон Фанлар академияси (ТWАС), Ривожланаётган мамлакатларда фан соҳасидаги аёллар ташкилоти (ОWСД),Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Бундан ташқари, кун давомида замонавий фан ва инновацияларнинг энг муҳим йўналишлари кенг муҳокама қилинди. Хусусан, сунъий интеллект ва илмий жараёнларни рақамлаштириш, жамоатчиликнинг илм-фанга ишончини мустаҳкамлаш, иқлим барқарорлиги ва “яшил” технологиялар, энергия самарадорлиги ва қайта тикланувчи манбалар, илм-фанни тижоратлаштириш имкониятлари ҳамда халқаро консорциумлар ва инновацион стартаплар шулар жумласидандир.
Бир сўз билан айтганда қабул қилинган “ШеСcиэнcе 2025” форумида Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон аёл олималарининг илк бор ягона платформа остида бирлашгани минтақа илмий ҳамкорлигида сифат жиҳатдан янги босқични бошлаб берди. Ушбу ташаббус минтақанинг келгуси 10–15 йиллик илмий ривожланиш йўналишини белгилаб беришга қодир стратегик қадам сифатида баҳоланмоқда.
Хўш, аёл олималарнинг бу янги иттифоқи келгусида минтақа келажагига қандай ижобий ўзгаришларни олиб киради? Форумда ана шулар борасида тўхталиб ўтилди.
Хусусан, минтақанинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишида илм-фан, таълим, маълумотлар ва инновацияларнинг асосий ҳаракатлантирувчи куч экани эътироф этилди ҳамда аёлларнинг илм-фанга тенг ҳуқуқли иштирокини, уларнинг илмий фаолиятдаги имкониятларини кенгайтириш ва давлатлар ривожига қўшаётган ҳиссасини тан олиш зарурлиги қайд этилди.
Шу билан биргаликда, минтақа олдида турган иқлим ўзгариши, унинг соғлиқ учун оқибатлари, экологик хатарлар, энергия самарадорлиги, озиқ-овқат хавфсизлиги, соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолар ва янги технологияларни тезлаштирилган тартибда жорий этиш зарурати борасида сўз юритилди.
Яна таъкидланишича, Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон ўртасида илмий ҳамкорликни янада тизимли равишда кучайтириш эҳтиёжи мавжуд. Шу боис илмий алоқаларни мустаҳкамлаш, билим алмашиш, қўшма тадқиқотларни илгари суриш ва халқаро илмий ҳамкорликни кенгайтириш тақозо этилади.
Форумда ана шу заруратлар инобатга олинган ҳолда, олима аёллар томонидан Қўшма Коммунике қабул қилинди.
Қўшма Коммуникега кўра, “SheScience” форуми аёл олималар ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, қўшма тадқиқотларни ривожлантириш ва минтақанинг умумий илмий муаммоларини ҳал этиш учун барқарор минтақавий механизм сифатида таъсис этилади.
Иккинчидан, форум билим ва тажриба алмашиш, замонавий фан йўналишлари бўйича ҳамкорлик, айрим институционал тўсиқларни бартараф этиш ҳамда минтақавий илмий устувор йўналишларни шакллантириш учун платформа вазифасини ўтайди.
Мазкур ташаббус Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Жаҳон фанлар академияси (ТWАС), Ривожланаётган мамлакатлардаги аёл олимлар ташкилоти (ОWСД) каби йирик халқаро ташкилотлар кўмаги билан амалга оширилади.
<iframe width="680" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/vsL9xH-dElw?si=M0w-DPyMASJPm4kd" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>М.Эшмирзаева, Д.Якубов, У.Тўхтаев, ЎзА