Жиззах вилоятининг шаҳар ва туманларида 15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни муносабати билан маънавий-маърифий ва маданий тадбирлар ўтказилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири ғаллаороллик “Аёллар дафтари” рўйхатида турувчи хотин-қизлар учун ташкил этилди.
Тадбир аввалида қишлоқларда истиқомат қилувчи хотин-қизлар ҳаётидан ҳикоя қилувчи “Қишлоқ жавоҳирлари” фильми намойиш этилди. Туман маданият бўлими қошидаги маданият уйи ҳаваскорлари томонидан куй-қўшиқлар ижро этилди. Шунингдек, Зомин тумани “Пешағор” маҳалла фуқаролар йиғинига бириктирилган туман ҳокими ёрдамчиси, МФЙ раиси, хотин-қизлар фаоллари “Аёллар дафтари” рўйхатида турган 20 нафар хотин-қизларнинг хонадонида бўлиб, уларнинг яшаш шароитини ўрганди.
Таъкидлаш жоизки, оғир шароитда яшовчи аёлларга ҳоким ёрдамчиси тавсияси билан ажратилган субсидия маблағлари ҳисобидан босқичма-босқич тикув машиналари олиб берилмоқда. Бу ижтимоий аҳволи оғир аёлларнинг қўшимча даромад топишида муҳим аҳамият касб этаётир. Шу кунларда банд бўлмаган жиззахлик хотин-қизларнинг кўпчилиги бугун пахта йиғим-теримида иштирок этиб, оилавий бюджетига ҳисса қўшмоқда.
Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси Мирзачўл тумани бўлими ҳамда туман маънавият ва маърифат маркази вакиллари “Ўзбекистон” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги пахта далаларида бўлиб, қимматбаҳо хом ашёни ёғин-сочинли кунларга қолдирмай йиғиб-териб олишда ўрнак бўлаётган қишлоқ хотин-қизлари билан учрашди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА