Андижон шаҳридаги Экопаркда “Аёл бахтли бўлса оила бахтли бўлади, оила бахтли бўлса жамият бахтли бўлади” деб номланган маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрами муносабати билан “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори остида Андижон вилояти оила ва хотин қизлар бошқармаси ташаббуси билан ўтказилган тадбирда фаол аёллар, нуроний онахонлар, ибратли оила соҳибалари, отинойилар, қизлар иштирок этди.
Тадбирда сўз олганлар томонидан мустақиллик неъмати, юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик, жамиятнинг муҳим бўғини оиланинг муқаддаслиги, оилавий қадриятлар, уларни улуғлаш, шунингдек, оилани мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
– Президентимиз ташаббуси билан бугун юртимизда аёлнинг бахтли бўлиши, ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашини таъминлаш, қизларимизни илмли, касб-ҳунарли бўлиши учун зарур барча ишлар олиб борилмоқда, – дейди Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин қизлар бошқармаси бошлиғи Гулнорахон Абдуллаева. – Уларга ўз салоҳиятини тўлақонли юзага чиқаришлари учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда, уларни қийнаётган муаммолар бартараф этилмоқда, зарур кўмак ва ёрдамлар кўрсатилмоқда.
[gallery-13418]
Аёл - миллат тарбиячиси. Шундай экан, энг аввало, улар билимли, ҳар томонлама комил, салоҳиятли бўлишлари лозим. Бунинг учун юртимизда уларнинг оилада, жамиятда ўз ўрнини топиши, ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар олиб борилаётганлиги қайд этилди.
Шунингдек, опа-сингилларимиз томонидан мустақиллик тақдим этган имконият ва имтиёзлар, тинчлик ҳукм сурган, инсон қадри улуғланган, аёл эъзозланган юртда яшашлик бахти дилларига ҳузур, қалбиларга ғурур бағишлаши алоҳида айтиб ўтилди.
Тадбир давомида эл суйган санъаткорларнинг ватанни, оилани, аёлни улуғловчи куй-қўшиқлари барчага хуш ва байрамона кайфият улашди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА