French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аёл фаоллиги оилалар фаровонлиги, фарзандлар камоли асосидир
11:00 / 2022-03-16

Бухоролик тадбиркор ва ишбилармон аёл – Дилором Файзиева раҳбарлик қилиб келаётган ишлаб чиқариш субъектларида юқори натижаларга эришилмоқда.

Жумладан, “Файз қурилиш моллари” МЧЖда халқаро стандартлар бўйича ишлаб чиқаришни ривожлантиришга жиддий эътибор берилаётганлиги боис, бу ерда конверт асосида принтерли буюмлар, полипропилен қоплар, герметик маҳсулотлар, шунингдек, сифатли лак-бўёқлар тайёрлаш талаб даражасида. Улар рақобатбардошлиги билан ажралиб туради.

2018 йилда “Ҳамкорбанк”нинг Бухоро филиалидан ажратилган кредитлари навбатдаги янги лойиҳани амалга ошириш, яъни Бухоро туманидаги 4 гектар майдонда 60 кишини доимий иш билан таъминловчи иссиқхона қуриш имконини берган эди.

Шу тариқа корхона фаолияти янги босқичга кўтарила бошлади. Хитой давлатидан бу ерга етказиб берилган замонавий асбоб-ускуналар МЧЖ фаолиятида муҳим аҳамият касб этди.

Бугунги кунда Бухоро шаҳри, Бухоро ва Когон туманларида “Файз қурилиш моллари” МЧЖга қарашли қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган бир йўла 3 та завод фаолият кўрсатмоқда. Тайёр маҳсулотлар нафақат республикамиз вилоятларига, балки қўшни давлатларга ҳам етказиб берилмоқда. Ҳозирги пайтда МЧЖ корхоналарида юздан зиёд турдаги қурилишбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётир.

Мустақиллигимизнинг дастлабки даврида “Қишлоққурилишбанк”нинг 10 минг сўмлик кредити билан ўз иш фаолиятини бор-йўғи 3 нафар ходим билан бошлаган корхонада ҳозирги пайтда 300 киши иш билан банд. Ишловчиларнинг 50 нафари муҳандис-техник ходимлардир.

2000 йилда “Қишлоққурилишбанк”дан олинган 1 миллион АҚШ долларлик навбатдаги кредит корхонани янада кенгайтириш имконини берди.

Ҳудуднинг бир қатор МФЙларидаги “Темир дафтар”га киритилган фуқаролар МЧЖ маъмуриятининг доимий эътиборида. Биргина, кейинги пайтда ана шундай юртдошларимиздан 30 нафари айнан ишбилармон аёл Д.Файзиева саъй-ҳаракати туфайли доимий иш ўрнига эга бўлди. Натижада ушбу дафтардан чиқарилди.

Бу йил 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами ишбилармон аёл Д.Файзиева учун ҳам ўзгача бўлди. Байрам арафасида мамлакатимизнинг бир қатор пешқадам аёллари сингари Дилором опа ҳам Президентимиз фармонига мувофиқ “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

Бу эътироф ва эъзоз пешқадам ўзбек аёлининг янада масъулият билан ишлашига, янги-янги лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиб, хотин-қизлар бандлигини таъминлашига туртки бўлди. Айни вақтда тадбиркор аёл иш жараёнларини янада кенгайтириш ҳаракатида.

Зариф Комилов, ЎзА