Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Аёл, бизнес, инновация” мавзусида ўқув семинари ўтказилди
09:14 / 2025-10-12

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида “Аёл, бизнес, инновация” мавзусида республика ўқув семинари ва “Янги Ўзбекистоннинг тадбиркор аёллари” мавзусида илмий ишланмалар кўргазмаси бўлиб ўтди.

Унда республикадаги барча олий ўқув юртларининг таниқли профессор-ўқитувчилари, тадбиркор аёллар ва иқтидорли талаба-ёшлар иштирок этишди.  

Дастлаб иштирокчилар илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланиб, илмий лойиҳалар, инновацион янгиликлари бор профессор-ўқитувчилар ишларининг кўргазмаси билан танишишди.  

Тадбирда Қорақалпоқ давлат университети “Менежмент ва иқтисодиёт асослари” кафедраси доценти, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори Бийбисара Ережепова “Инновацион иқтисодиёт шароитида аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш”, “Педагогика ва психология” кафедраси профессори вазифасини вақтинча бажарувчи, психология фанлари доктори (DSc) Наргиза Сагиндикова “Мамлакатимиз тараққиётида хотин-қизларнинг тенг иштироки ва ҳиссаси”,  "Археология" кафедраси доценти Наргиза Сейтимбетова "Қорақалпоғистон тарихини ўрганишда олима аёлларнинг роли" мавзуларида маърузалар қилишди.

Тадбирда сўзга чиққанлар давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталишди. 

Президентимизнинг жорий йил 14 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, хотин-қизларни олий таълим билан қамраб олиш, уларни санаторийларда соғломлаштириш ҳамда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш бўйича мотивацион семинарлар ташкил этиш жорий йилда хотин-қизларни қўллаб-қувватлашнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб белгиланди. Бундан ташқари, Савдо-саноат палатаси томонидан ўз бизнесини ташкил этмоқчи бўлган хотин-қизларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, кооперация асосида хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишга кўмаклашиш, маҳаллий ва халқаро электрон платформаларда хотин-қизларга ўз маҳсулотларини жойлаштириш ва сотишга ёрдам беришни  назарда тутувчи “Ҳамкор тадбиркор” дастури йўлга қўйилади.

Иштирокчилар томонидан тадбиркор аёлларга берилаётган кенг имконият ва имтиёзлардан самарали фойдаланиш, бу борада олима аёлларнинг фаоллигини ошириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Семинар якунида эса  ўз илмий ишлари ва лойиҳалари билан фаол иштирок этган олима аёллар махсус сертификат ҳамда фахрий ёрлиқлар билан тақдирланишди.

[gallery-25706]

Тадбир университетнинг иқтидорли ёшлари ижросидаги концерт дастури билан якунланди.

Довуд Абибуллаев,

Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА