Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аёл – адолат ва тараққиёт тимсоли
11:38 / 2026-02-20

“Олмалиқ КМК”АЖда “Аёл – адолат ва тараққиёт тимсоли” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

“Адолат” СДП ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда меҳмонлар дастлаб 3-Мис бойитиш фабрикаси фаолияти билан яқиндан танишдилар. Қайд этилганидек, мазкур мажмуа жаҳоннинг илғор технологиялари ва юқори сифат стандартлари асосида барпо этилган бўлиб, мамлакатимиз саноат қувватини янги босқичга олиб чиқди.  

Маълумки, 2021 йил 29 июль куни давлатимиз раҳбари комбинат негизида рангли ва қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ишлари билан танишиб, “Ёшлик-1” конини ўзлаштириш доирасида ушбу янги қувватга тамал тошини қўйганди. Йилига 60 миллион тонна маъданни қайта ишлаш қувватига эга бўлган фабрика Марказий Осиёдаги энг йирик мис ишлаб чиқарувчи мажмуалардан бирига айланиш салоҳиятига эга.  

Қолаверса, бир йилда 900 минг тоннага яқин мис концентрати ишлаб чиқариш кўрсаткичи мамлакатимиз экспорт салоҳиятини ошириш, маҳаллий ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш ва миллий иқтисодиётда “мис кластери”ни тизимли ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Бу рақамлар ортида минглаб мутахассислар меҳнати, муҳандислик салоҳияти ва, энг муҳими, аёлларнинг саноатдаги муносиб иштироки мужассам.

Тадбир доирасида “Адолат” СДП сиёсий кенгаши раиси Робахон Маҳмудова бошчилигидаги ишчи гуруҳ комбинат ҳузуридаги футбол академияси фаолияти билан ҳам танишди. 210 ўринга мўлжалланган замонавий бинода ёш футболчилар учун барча шароит яратилган. Хусусан, ётоқхона, ошхона, тиббиёт хоналари ва таълим синфлари мавжуд. Бу ерда 7 ёшдан 19 ёшгача бўлган ёшлар нафақат спорт маҳоратини оширади, балки инглиз тилини ўрганади, назарий билимларини мустаҳкамлайди ва ўйинларнинг видеотаҳлили орқали таҳлил қилиш кўникмасини шакллантиради. 25 нафар тажрибали мураббий замонавий методологиялар асосида машғулот олиб боради.

Эътиборлиси, мазкур академия ётоқхона тизимига эга бўлган мамлакатимиздаги саноқли спорт таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Бу эса саноат корхонасининг ижтимоий масъулияти фақат ишлаб чиқариш билан чекланмасдан, келажак авлодни тарбиялашга ҳам қаратилганини кўрсатади.

Куннинг иккинчи ярмида партия фаоллари Мис эритиш заводида меҳнат қилаётган хотин-қизлар билан учрашди. Мулоқотда аёлларнинг ижтимоий манфаатларини таъминлаш, муносиб меҳнат шароити яратиш, барқарор иш ўрни ва касбий ўсиш имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.  

Таъкидланганидек, хотин-қизларнинг иқтисодиётнинг йирик тармоқларидаги иштироки нафақат ишлаб чиқариш самарадорлигини оширади, балки жамиятда ижтимоий адолат тамойилларини мустаҳкамлайди. 

Партиянинг Сайловолди дастурида белгиланган устувор йўналишлар ижросида саноат корхоналари билан ҳамкорликни кучайтириш муҳим омил сифатида қайд этилди. Партия сиёсий кенгаши раиси Р.Маҳмудова сўзга чиқиб, аёлларнинг иқтисодий мустақиллиги, касбий ўсиши давлат ва жамият тараққиётининг асосий шарти эканини таъкидлади.

– Аёл меҳнат қилса, жамиятга қўшилса, ўзига ишончи ортади, оиласи барқарор бўлади, – деди партия етакчиси ўз сўзида. – Оила барқарорлиги эса жамият мустаҳкамлиги кафолатидир. “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” билан узоқ йиллардан бери яқиндан ҳамкорлик қилишимиз бежиз эмас. Бунинг муҳим сабабларидан бири 35 минг нафардан ортиқ ходим меҳнат қилаётган улкан жамоада сизлар каби замонамиз тўмарислари ҳам кўпчиликни ташкил этишидир. Партиямиз бундай мураккаб ва масъулиятли соҳада меҳнат қилаётган хотин-қизларни қўллаб-қувватлашни ўзининг асосий вазифаси, деб билади.

Тадбир якунида  50 нафар фаол хотин-қизлар партия аъзолигига қабул қилинди ва корхонада бошланғич партия ташкилоти тузилди.

А. Мусаев, ЎзА