Бугунги кунда давлатимиз томонидан кўплаб хорижий мамлакатлар билан меҳнат миграцияси соҳасида манфаатли келишувларга эришилмоқда. Натижада минглаб юртдошларимиз чет мамлакатларга ишлаш учун давлат томонидан юборилмоқда.
Маълумотларга кўра, хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган меҳнат мигрантлари сони жорий йил бошига 1,68 млн. кишини, айни вақтда эса 1,14 миллион нафарни ташкил этмоқда. Уларнинг 152,4 минг нафари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги томонидан қамраб олингани эътиборга молик.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан “Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш жараёнлари ва истиқболдаги режалар” мавзуида семинар ўтказилди. Унда фуқароларнинг хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш жараёнлари, ушбу соҳада қабул қилинган қатор фармон ва қарорлар ижроси ҳамда истиқболдаги режалар Миграция агентлиги вакиллари иштирокида қизғин муҳокама қилинди.

Семинарда меҳнат миграцияси масалаларини тартибга солиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, чет элга кетишдан олдин юртдошларимизнинг касбий маҳоратини ошириш имкониятини яратишга катта эътибор қаратилаётгани қайд этилди. Жумладан, бугунги кунга қадар фуқароларни хорижий давлатларга ишга жалб қилиш ва хорижда уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид 26 та ҳукуматлараро ва идоралараро келишувлар имзолангани таъкидланди.
— Президентимизнинг шу йил 17 октябрдаги “Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш жараёнларини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан “меҳнат миграцияси тизими” янада такомиллаштирилди, — Спикер ўринбосари М.Хўжаева. — Жумладан, 2024 йил 1 ноябрдан бошлаб хорижий иш берувчилар томонидан таклиф қилинаётган иш ўринлари ҳақидаги барча маълумотлар Миграция агентлигининг электрон платформаси, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда очиқ эълон қилиб борилаяпти.
Семинар иштирокчилари хорижда ишлаш истагидаги номзодларни мақсадли тайёрлаш, меҳнат мигрантларига ҳуқуқий ва моддий ёрдам кўрсатиш механизмларини янада кучайтириш борасидаги ишларни ҳам муҳокама қилдилар. Қайд этилганидек, республикамиз ҳудудидаги 14 та тиббиёт текникумида Германия тиббиёт академияси ташкил этилиб, 3 йиллик таълимдан сўнг академия битирувчиларига Б2 сертификати ва халқаро диплом берилади. Бу эса Германиянинг тиббиёт соҳаларида ишлаш истагидаги юртдошларимизга янада қулайлик яратади.
Қолаверса, Испаниянинг пайвандлаш ўқув лабораторияси ташкил этилиб, қурилиш марказлари такомиллаштирилади. Ушбу марказларда хорижий иш берувчилар билан бирга, касбга ва чет тилларига ўқитиш бўйича қўшма ўқув курслари кўпайтирилади.
Муҳокамаларда депутатлар халқаро йўловчи ташишни амалга оширадиган маҳаллий автотранспорт компанияларини ташкил этишни рағбатлантириш ҳамда хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қўллаб-қувватлаш лозимлигини қайд этдилар.
Муҳтарама Комилова, ЎзА