Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Айлант ва қайрағоч дарахтларини кесганлар энди жарима тўлайди
14:33 / 2023-01-09

Сирдарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг давлат инспекторлари мунтазам рейд тадбирлари ўтказмоқда.

Аҳоли орасида табиатга зарар етказмаслик, айниқса дарахт ва буталар нобуд бўлишига йўл қўймаслик, уларни рухсатсиз кесмаслик борасида тарғибот ишлари олиб бориляпти. Шунга қарамасдан ҳудудларда манзарали дарахтларни кесиб кетиш ҳолатлари учраб турибди.  

Бошқарманинг Ширин шаҳар бўлими давлат инспекторлари томонидан ўтказилган рейд тадбирида фуқаро А.В. томонидан ҳеч қандай рухсатсиз бир дона айлант дарахтини кесганлик ҳолати аниқланди. Содир этилган ҳуқуқбузарлик юзасидан фуқарога нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, унга 2 900 000 сўм жарима ва табиатга етказилган зарар 2 700 000 сўм этиб белгиланди. Жорий йил 7 январь куни ўтказилган навбатдаги назорат тадбирида Сирдарё тумани Исломобод маҳалласи ҳудудидан ўтувчи М-34 автомобиль йўли четида фуқаро Й.Ғ. томонидан ичимлик суви олиб ўтиш мақсадида ариқ (траншея) қазиб, 2 дона қайрағоч дарахтини илдизи билан қўпориб олиб ташлаганлик ҳолати аниқланди.

Содир этилган ҳуқуқбузарлик юзасидан фуқаро Й.Ғ.га нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 1 500 000 сўм жарима ва 16 800 000 сўм табиатга етказилган зарар ҳисобланди.

 

Шуҳрат Суяров, ЎзА