Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Айланмаси 1 миллиард сўмдан ошган тадбиркорларга ҚҚС тўловчиси гувоҳномаси автоматик тарзда берилади
10:04 / 2022-04-18

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 15 апрель куни озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш орқали бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш, тадбиркорлик учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Мазкур йиғилишда сўнгги вақтларда айрим ҳудудларда тадбиркорлар фаоллиги пасайгани, улар кредит, солиқ ва инфратузилма билан боғлиқ қийинчиликларга учраётгани кўрсатиб ўтилди. Шу боис давлатимиз раҳбари тадбиркорларга рағбат ва мадад бўладиган кўплаб ташаббусларни илгари сурди. 

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасига қўшимча маблағ ажратиш ҳамда молиявий ёрдамлар самарадорлигини ошириш бўйича кўрсатма берилди. 

Давлат солиқ қўмитасига ҳам тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлашга оид қатор вазифалар берилди. Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев белгиланган вазифалар хусусида куйдагиларни сўзлаб берди. 

– 2022 йил 1 июндан тадбиркорлар учун солиқ маъмурчилиги ва текширишлар тизимини соддалаштириш вазифаси қўйилди. Жорий йил 16 март куни Президент Давлат солиқ қўмитасига ташрифларида берилган вазифа ва топшириқларнинг сўзсиз ижросига қаратилган чора-тадбирлар доирасида ҳам айнан тадбиркорлик субъектлари муаммоларини ўрганиш ва уларни профессионал соҳа вакиллари билан биргаликда муҳокама қилишга алоҳида эътибор қаратганмиз.  

Хусусан, бир неча кун олдин Молия вазирлиги раҳбарияти билан биргаликда соҳа мутахассислари, солиқ маслаҳатчилари ва ишбилармон доиралар вакиллари билан солиқ узилишининг янги информацион кўрсаткичи – Tax gap бюджет даромадлари ва солиқ маъмуриятчилиги сифатини оширишдаги самарадорлиги масалалари атрофлича муҳокама қилинди. 

Норасмий форматда ўтказилган давра суҳбатида бизнес ҳамжамияти вакиллари солиқ маъмурчилигининг ушбу янги инструментини ҳамкор ва контрагентларнинг хатти-ҳаракатларига бевосита таъсир қилувчи шаффоф, қонуний бизнесни рағбатлантишда муҳим восита бўлаётганини қайд этди.   

Шунингдек, қўшилган қиймат солиғи маъмурчилигининг тадбиркорлик субъектларига билвосита таъсир этувчи контрагент билан боғлиқ айрим жиҳатларини қайта кўриб чиқиш таклиф этилди. 

Тизимни стратегик такомиллаштириш учун соҳанинг ўзига хос хусусиятлари, иқтисодий имкониятлари ва ҳудудлар эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда солиқ йиғилувчанлик ҳажмини ошириш билан бирга, маҳаллий ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш ва ўзаро ишончни ошириш имконини берувчи таклифлар ишлаб чиқилди.  

Тадбиркорларга қулай бизнес шароитлари яратишга қаратилган бу каби янги меъёрлар Президентимизнинг шахсан топшириқларига мувофиқ, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида ташкил этилган йирик тадбиркорлар, олимлар ва фаол жамоатчилардан иборат илмий кенгаш муҳокамасидан сўнг амалиётга татбиқ этилиши йўлга қўйилди.   

Таъкидлаш лозим, илмий кенгаш таркибида ва бошқа жараёнларда айнан тадбиркорлик субъектларининг иштирок этиши янги нормалар қабул қилинишида муҳим омил бўлмоқда. Чунки улар бизнес вакили ўлароқ, тадбиркорликнинг барча жиҳатларини яхши тушунади, керак бўлса ўз танасида ҳис этади. 

Ўтказилган учрашувларда экспортёр корхоналарга ҚҚСни қайтаришда муаммолар борлиги аниқланган. Шу муносабат билан уларга ҚҚСни қайтариш бўйича соддалаштирилган механизм жорий этилиб, 80 фоиз маблағ қўшимча текширувларсиз 7 кун ичида қайтариб берилади. 

Илгари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 сентябрдаги “Солиқ тўловчиларни ҳисобга олишни янада такомиллаштириш ва қўшилган қиймат солиғининг ўрнини қоплаш тартибини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бўйича – барча учун (мажбурий ва бошқа) ариза берилган санадан 7 кун ичида кўриб чиқилар эди. Солиқ хавфининг даражаси автоматик тарзда ўрганиларди. Солиқ хавфининг юқори даражасига тушмаса гувоҳнома берилар эди. (7 та юқори хавф). 

Эндиликда, айланмаси 1 миллиард сўмдан ошган тадбиркорларга қўшилган қиймат солиғи тўловчиси гувоҳномаси дастлабки ўрганишсиз, автоматик тарзда берилади. Бундан ташқари, юқори хавф даражаси мавжуд бўлган тадбиркорларга қўшилган қиймат солиғи тўловчиси гувоҳномасини тўхтатиб қўйишдан олдин хабардор этиш тартиби жорий этилади. Яна бир маълумот, жорий йилнинг 15 апрель ҳолатида экспортёрларга 1,6 триллион сўм ҚҚС қайтарилган. 

Амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ижобий томонларига ҳам эътибор қаратиш лозим. Хусусан, кейинги йилларда солиқ маъмурчилиги тўлиқ рақамли технологиялар асосида амалга оширилимоқда. Натижада рақамли технологиялар солиқ органлари ва солиқ тўловчилар ўртасида ўзаро муносабатларда инсон омилини максимал даражада чеклаб, коррупция ва хуфиёна иқтисодиётнинг олдини олишда алоҳида аҳамият касб этмоқда.   

Бундан ташқари, рақамли инструментлар вақтдан ютишга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир. Солиқ маъмурчилигининг рақамлаштирилиши натижасида жараёнлар бир неча баробар тезлашиб солиқ йиғилувчанлигига ҳам ижобий таъсир этмоқда. Йиғилаётган солиқ миқдори 2020 йилнинг охирги чорагидан бошлаб ҳар ойда 10 триллион сўмдан ошмоқда. Ўзбекистон солиқ тизимида шу пайтгача бундай натижа кузатилмаган.   

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА