Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ҲАЙИТ ЭСДАЛИКЛАРИ: бобом билан ўтган байрамлар...
12:10 / 2020-07-31

Ҳар гал Ҳайит байрами яқинлашаверса болалигим ёдимга тушади...

Ҳар гал Ҳайит байрами яқинлашаверса болалигим ёдимга тушади...

Бобом эрта тонгдан ўғилларини ёнига олиб Ҳайит намозини ўқиш учун масжидга кетар эди. Биз бобомнинг намоздан келишини интиқлик билан кутардик. Чунки қайтишда кўп ширинликлар, кунжутли, пистали ҳолвалар олиб келар эдида. Сўнг бобомдан «Ҳайит харж» сўрардик. Бобом невара-чеваралари қуршовида “Ҳайит харж" улашар, баъзан адашиб, яна такрор тарқатар эди. (Менимча, билса ҳам болалар хурсанд бўлсин, деб яна ўзини унутганга солиб такрор берган бўлса керак.)

Ўшанда болаларнинг хурсандчилигини кўриб бувимга «Болалар жаннатнинг гулу райҳонлари, фариштаси. Ҳайит куни динимизда рухсат этилган, кўнгилни кўтарадиган барча ишларни қилиш билан қалбга ором бериш керак. Айниқса, шу ширинтойларни хурсанд қилиш, кўнгил олиш катта савоб» дерди. Яна «набийлар ва чевараларим йил давомида Ҳайитни эслаб юрсин, уни орзиқиб кутсин, бу байрамнинг буюклигини ҳис қилсин» деб айтарди. Бобомнинг бу амаллари барчамизнинг онгимизда миллий-диний қадриятларимизга нисбатан эҳтиром туйғуси шаклланишида катта маёқ бўлди.

Бобомнинг айтишича, Ҳайит байрами кунлари кўнгилларимиз равшан, кайфиятларимиз чоғ, нигоҳларимиз муқаддас Каъбага қараган бўлиши керак экан.

Бобом Ҳайит намозини адо этганидан сўнг қурбонлик амалини бажаришга киришар эди. Ўша вақтлар бобом барча қариндошларимизни йиғиб Қурбон ҳайитига бағишлаб жонлиқ сўйиб, ундан тансиқ таом тайёрлаб дийдорлашув байрамини ўтказар эди.

Баъзи сабабларга кўра кела олмаган қариндош-уруғларни бориб кўриб келар, ёру биродарларни зиёрат қилишга ҳам улгурар эди. Бева-бечораларга эҳсон тарқатарди.

Яна бир қизиқ одати бор эди. Амаким, янгаларим ўзаро тортишиб, бир-бирлари билан гаплашмай, аразлашиб юрганини билсалар, барчанинг олдида чақириб, яраштириб қўяр эди. Ҳамон эсимда, амаким билан отам арзимаган сабаб билан гап талашиб қолиб, бир муддат гаплашмай юрган эди. Бундан хабар топган бобом байрам куни барчанинг олдига амаким ва отамни чақириб “шундай муборак улуғ кунларда гина-қудрат қилаяпсанларми? Қани, ёнимга кел! Қучоқларингни оч. Бир-бирингни маҳкам қучоқла" деди. Агар одам қанча бир- бирини қучоқласа, юрагини-юрагига яқин тутса, бир-бирига нисбатан шунча меҳр-оқибати ортаверар экан! Отам билан амакимни қучоқлаштириб, яраштириб қўйди. «Болаларим, жума ва Ҳайит кунлари бутун диёримизни илоҳий бир файз қамраб олади мана шундай дамларда барча эзгу ниятлар ижобат бўлади. Бу кунда нафрат, гиналар унутилиши керак»дея оталик панд-насиҳатини қилди. Ўшандан буён отам билан амакимнинг аразлашганини ҳеч кўрмадим.

 

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА