Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳаётимиз янада фаровон бўлади
16:46 / 2020-01-23

Шу кунларда Президентимизнинг Олий Мажлис палаталарига Мурожаатномасини халқимиз катта умид ва келажакка зўр ишонч билан кутмоқда.


Шу кунларда Президентимизнинг Олий Мажлис палаталарига Мурожаатномасини халқимиз катта умид ва келажакка зўр ишонч билан кутмоқда. Қуйида таълим соҳаси вакилларининг бу ҳақдаги фикрлари билан танишасиз.

Азизбек Эгамбердиев, ўқитувчи:

– Давлатимиз раҳбарининг ўтган йилги Мурожаатномасида қўйилган вазифалар, муҳим масалалар амалиётга татбиқ этилгани гувоҳи бўлиб, ҳаётимизда ўз аксини топаётганини ҳис этдик. Ўзимдан ҳар куни сўрайман: Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бу йилги Олий Мажлисга Мурожаатномасидан нималарни кутаяпман?

Мамлакатимизда бўлиб ўтган сайловларда ғалаба қозонган депутатларнинг сайловчилар олдидаги масъулиятини кучайтириш зарур. Чунки, ҳар бир сайловчи депутатлардан сайловолди ваъдалари бажарилишини кутмоқда. Янги сайловлар натижаси янги Ўзбекистон шукуҳига монанд – олий ва маҳаллий вакиллик органлари иш фаолиятида кескин ўзгариш бўлиши мақсадга мувофиқ.

Иқтисодиёт драйвери бўлган олий таълим муассасалари фаолиятини ҳар томонлама ривожлантириш ҳам ғоят долзарб вазифа. Ислоҳотларимизнинг мантиқий давоми сифатида олий таълим муассасалари молиявий мустақиллигини тўла таъминлаш, хусусий олий таълим, илмий тадқиқот ишлари тизимида кескин ва туб ўзгаришлар амалга оширилиши ҳам яхши самара беришига ишонамиз. Бу тараққиёт учун кенг ва ишончли йўлдир.

Гулираъно Эролова, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ўқитувчиси:

– Юртимизда сўнгги йилларда психология соҳасида педагог кадрларни тайёрлаш ҳамда амалиётчи психологлар фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид амалий ишлар қилинди. Олиб борилаётган ишлар кўлами кенглиги биз, соҳа мутахассисларини қувонтиради, албатта.

Психологлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқаришни амалга оширадиган ягона тузилманинг мавжуд эмаслиги бор гап. Мен ҳам педагог, ҳам амалиётчи психолог сифатида таълим тизимининг барча босқичларида ёшларнинг психологик ҳолати, жараёнларини ҳисобга олиб, кадрлар имкониятларидан тўла фойдаланилмаяпти, деб ўйлайман.

Ихтисослашган психолог кадрлар ҳамда ташкилотлар мавжуд, аммо уларнинг психологик фаолиятида самарадорлик пастлиги сақланиб турибди.

Бугунги тезкор даврда жамиятда ижтимоий-психологик, жумладан, оилавий муаммолар, ажрашишлар, низолар, ота-она ва фарзанд муносабатлари, қариндошлар ўртасидаги никоҳ, эрта туғруқ, иллатлар, турли диний оқимларнинг салбий таъсирларига тобелик, ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайиб бораётганини кўриш мумкин. Бу аҳолига психологик хизмат кўрсатиш етарлича йўлга қўйилмагани оқибатидир.

Дарсдан бўш вақтларимда марказларда аёллар, болалар, оилалар билан ишлайман. Умумтаълим мактабларида психолог штати бор. Бу мутахассислар қандай ишлаётганини билмадиму, лекин фаолиятим давомида мурожаат қилаётган мактаб ўқувчиларида жиддий ўзгаришларни кузатаяпман. Ҳатто раҳбар кадрлар фаолиятида бу соҳа мутахассисларининг ўрни муҳим. Меъёрий ўсиш инсон руҳияти билан боғлиқ. Жамиятда ким бўлишидан қатъи назар психологик кўмакка бир марта бўлсин, эҳтиёж бўлади.

Амалиётчи психологлар билан таълим муассасалари, маҳалла, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, ҳокимликлар ҳамкорликда мунтазам тренинглар ташкил қилиши кераклиги қонун ҳужжатларида белгиланиши керак. Айни йўналишда фаолият юритаётган соҳа мутахассислари учун имтиёз ва имкониятлар берилиши муҳим аҳамият касб этади.

Аҳолига, айниқса, ёшларга сифатли психологик хизмат кўрсатиш, психологик марказларнинг ҳар бирида ана шундай курсларни ташкил этиш тарафдориман.

Шарофиддин Ҳошимжонов, Андижон давлат университети матбуот котиби:

– Ўзбекистонда сўнгги йилларда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар жараёнининг узвий давоми сифатида давлат бошқарув тизимини либераллаштириш ва модернизация қилишни давом эттириш муҳим масала. Бу жараёнда суд ҳокимияти мустақиллигини янада ошириш, маҳаллий ҳокимликлар ваколатларини маҳаллий вакиллик органларига босқичма-босқич ўтказиши, вилоят, туман, шаҳар ҳокимларининг маҳаллий вакиллик органларига раислик қилиш амалиётидан воз кечиш лозим.

Шунингдек, коррупциоген ҳолатларни келтириб чиқарувчи тизимли ва институционал сабабларни бартараф қилиш, иқтисодиётни янада эркинлаштириш, монополияга қарши кураш тизимини янгича асосда ташкил этиш бўйича муҳим вазифаларни бажариш вақти келди. Жамоатчилик назоратини, давлат органлари фаолияти очиқлигини, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш соҳасида ҳам муҳим ўзгаришлар бўлиши керак.