Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аёлнинг раҳбар бўлишига нима монеълик қилади: ўринсиз рашк, кундалик юмушлар ёхуд феъл-атвор​?​
14:00 / 2020-01-11

Ҳозирги кунда аёллар меҳнат муносабатларида ҳар доимгидан кўра фаол иштирок этмоқдалар.


Ҳозирги кунда аёллар меҳнат муносабатларида ҳар доимгидан кўра фаол иштирок этмоқдалар. Улар сўнгги вақтларда нафақат ходим мақоми, балки раҳбарлик лавозимларини эгаллашда эркаклар билан тенг имкониятлардалар.

2019 йилнинг 8 декабрида 34 ёшли Санна Мариннинг Финляндия Бош вазири бўлишининг халқаро резонансга айланганлиги ҳам гендер масаласи бутун дунёни қизиқтиришини намоён этди. Аёллар раҳбарлиги хусусиятлари айниқса ўша вақтларда барчанинг эътиборида бўлди.

Аёллар меҳнат муносабатларда эркакларга нисбатан пассив жинс вакиллари ҳисобланадилар. Бунга кўпгина объектив факторлар сабаб бўлади. Аёлларнинг оилавий мажбуриятлари ва фертиллик хусусияти тўғрисидаги кўпчиликнинг анъанавий “онг ости тасаввурлари” уларнинг карьеравий ўсишида “ойнаванд шифт”ни вужудга келтиради. Меҳнат қонунчилигида ҳомиладор ва болали аёлларга назарда тутилган имтиёзлар ҳам кўп ҳолларда уларнинг меҳнат муносабатларида камситилишига сабаб бўлади, “антикафолат” бўлиб хизмат қилади.

Кўп ҳолларда хотин-қизларга “аёлларга хос” бўлган касбларни эгаллашни тавсия этиш “эскича фикрлаш” бўлибгина қолмасдан, улар меҳнат имкониятларини чекловчи омил ҳамдир.

Кам малака талаб қиладиган ишлар (масалан, мавсумий ишлар, уй хизматчилари)да банд бўлган аёллар машғулотлари соҳасининг қонунчиликда етарли даражада тартибга солинмаганлиги ёки мавжуд нормаларда бўшлиқларнинг бўлиши хуфиёна иқтисодиётнинг сабабчисидир.

2019 йил 2 сентябрда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ва “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларнинг қабул қилиниши аёллар меҳнат ҳуқуқларининг таъминланишида муҳим даврни очиб берди.

Бугунги кунга келиб ҳар жабҳада раҳбар аёлларнинг улуши ортмоқда. Давлат ва жамоат ташкилотларида бир ярим мингга яқин хотин-қизларимиз раҳбарлик лавозимларида ишламоқдалар. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 7 мартдаги Халқаро хотин-қизлар кунига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимдаги нутқида таъкидлашича, айни вақтда ижтимоий фаол аёлларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаб бориш, уларни ўқитиш, малакасини ошириш тизими яратилмоқда.

2019 йил Парламентга сайланган депутатлардан 102 нафари эркаклар ва 48 нафари аёллар эканлиги (2014 йилда бу кўрсаткич 126-24 эди) ҳам хотин-қизларнинг жамият ҳаётида ва сиёсатда фаоллиги ортиб бораётганлигини англатади.

НОСОҒЛОМ ФИКРЛИ РАҲБАР​

Мамлакатимизда аёлларнинг касбий ўсишида сўнгги пайтларда қатор имкониятлар яратилаётган бир шароитда хотин-қизларнинг раҳбарлик лавозимларидаги улуши эркакларникига нисбатан ҳар доим озчиликни ташкил этади. Хўш, аёлнинг раҳбар бўлишига нима монеълик қилади? Шу воқеликни таҳлил қиламиз:

Биринчидан, анъанавий оилаларда қизларга болаликдан “аёлларга мос касб”ларни танлаш тавсия этилади. Бундан ташқари, кўп ҳолларда аёл ишлагани тақдирда ҳам у кўпчилик наздида раҳбар эмас, балки ходим мақомида тасаввур этилади. Мазкур иллатни йўқотиш учун ҳуқуқий онг ва маданиятни ошириш лозим;

Иккинчидан, диний ва менталитетга оид раҳбар тушунчасига тегишли қарашлар. Мамлакатимиз аҳолисининг аксарияти ислом динига итоат қилади. Ислом дини таълимотини аксарият ҳолларда нотўғри талқин қилиш, мутаассиблик натижасида кўпчилик нафақат оилада, балки жамиятнинг ҳар қандай жабҳасида раҳбар сифатида эркакларни кўрадилар. Ваҳоланки, Қуръони карим Нисо сураси 34-оятида “Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар” дейилади. Ислом ҳуқуқи манбаларида бу масала билан боғлиқ кўплаб таҳлилий мулоҳазалар бор.

Учинчидан, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қонунчилигига амал қилинмаслиги. Кўплаб жамоаларда “раҳбар кетмагунича таркибий бўлинма раҳбарлари ишдан кетиши жоиз эмас” деган ноқонуний ва ғализ тушунчанинг мавжудлиги.

Ўзбек оилаларида аёл раҳбар бўлгани тақдирда ҳам у овқат қилиш, уй йиғиштириш ва шу каби оилавий юмушларни ўз бўйнидан соқит қилолмайди. Шу туфайли аёлга ўз меҳнат ҳуқуқларидан истифода қилишига йўл қўйган оила аъзолари ҳам кун келиб ишдан кеч қайтгани туфайли жисмонан чарчаган аёлни “тушунмай қўяди”. Бу эса келишмовчилик ва низо, охир-оқибат айрим ҳолларда ажралишгача олиб келиши мумкин.

Содир бўлиши мумкин бўлган салбий ҳодисаларнинг олдини олиш учун корхоналарда иш вақтига қатъий амал қилиниши, бунда жараён эмас, натижага эътибор қаратилиши, раҳбарларни “кечгача ишда қолгани” учун эмас, тайм-менежментни тўғри ташкил қилгани учун рағбатлантиришни йўлга қўйиш лозим;

Тўртинчидан, оилада турмуш ўртоқ саналган аёл жамиятда фаоллашиб, раҳбарлик лавозимларини эгаллаши “номукамаллик комплекси” бор эрларга ёқмайди. Бунда баъзи эркаклар оиладаги ўз ҳукмронлигини носоғлом йўллар мустаҳкамламоқчи бўлади (ўринсиз рашк; кундалик юмушлар, феъл-атвор билан боғлиқ бўлар-бўлмас эътирозлар билан аёлни камситиш). Эр-хотинлик муносабатларида баъзан ҳатто уй бекасидек оддий ҳуқуқларга эга бўлмаслик бора-бора раҳбар аёлнинг сабр косасини тўлдиради. У ўз меҳнат имкониятларидан фойдаланиши учун бу тариқа “товон тўлаш”ни кун келиб хоҳламай қолади.

Бу вазиятларнинг якуни ҳам баъзи ҳолларда оиланинг дарз кетишига сабаб бўлиши мумкин. Аянчли ҳолатларнинг олдини олиш учун ҳуқуқий тарғибот ишларини кучайтириш, кишилар ҳуқуқий маданиятини юксалтириш лозим;

Бешинчидан, кўп ҳолларда аёллар меҳнат муносабатларида айнан аёл раҳбарлар томонидан дискриминация қилинади. Агар иқтидорли аёл ногаҳон ноинсоф аёл раҳбарнинг қўл остида бўлса, у моббинг, буллинг, боссинг каби психологик ҳужумлар натижасида раҳбарлик тугул оддий ходимлик мақомидан ҳам воз кечиб юбориши мумкин бўлади. Чунки ноинсоф раҳбар мазкур аёл ходимда ўзига “рақиб”ни кўради.

Носоғлом фикрли раҳбар кадрнинг “инжиқлиги” кучли мутахассисни йўқотиш каби давлат ва жамият учун салбий ҳолатларни вужудга келтиради.

“Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун ҳамда куни кеча – 2020 йилнинг 4 январида эълон қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 3-сонли қарорида иш жойларидаги тазйиқ ва зўравонлик ҳам назарда тутилиб, хотин-қизларга нисбатан иш жойида тазйиқ ва зўравонлик ўтказилган ҳолларда, бундай ҳолларга йўл қўймасликка қаратилган, шунингдек, хотин-қизлар билан ўзаро муносабатлар маданиятини ошириш бўйича ташкилотларда профилактика тадбирлари ўтказиш меҳнат органларига юклатилиши белгиланди.

Мазкур салбий воқеликларнинг олдини олиш мақсадида барча тизимдаги иш берувчилар корхоналарда соғлом муҳит ҳукмрон бўлишига эътибор беришлари керак. Судларнинг меҳнат шартномасини бекор қилиш билан боғлиқ бўлган низоларни кўришда моббинг, буллинг, боссинг каби ҳолатларни инобатга олиши қонунчиликда мустаҳкамланиши лозим.

Тадқиқотларга кўра, аёл раҳбар бўлишининг бир қатор афзалликлари бор: у раҳбарлик қилаётган жойда коррупция камдан-кам учрайди; хотин-қизлар иш жойларида қўнимли бўладилар; аёллар эркакларга нисбатан кўп ҳолларда дипломатроқ ва вазиятларга чидамлироқ бўлади.

Шу туфайли меҳнат қилаётган аёлларга шароит яратиш, уларнинг раҳбарлик лавозимларида ишлашларига имкон яратиш бугунги куннинг долзарб масаласидир. Зеро, Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш.Мирзиёев айтганларидек, жойларда одамларнинг дарду ташвишларини, оила ва маҳалладаги аҳволни ҳаммадан яхши билувчи, ижтимоий муаммоларни аниқлаш ва уларни ўз вақтида ҳал этишда жонбозлик кўрсатувчи ҳам – аёлдир!

Д.Атажанова, ТДЮУ Меҳнат ҳуқуқи кафедраси мудири
Б.Раҳимберганова, ТДЮУ Меҳнат ҳуқуқи кафедраси ўқитувчиси