Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аёллардан иборат жиноий гуруҳ фош бўлди...
11:14 / 2020-02-19

Бугунги кунда туризм соҳасида замонавий хизматларни йўлга қўйган халқаро компаниялар жуда кўп. Хусусан, улар интернет тармоғи орқали ўз хизматларини таклиф этмоқда.


Фарғонада бир гуруҳ шахслар дунё бўйлаб саёҳат хизматларини кўрсатувчи провайдернинг хизматларидан ноқонуний фойдаланиб, расмийлаштириш тартиби ва қоидаларига амал қилмай фуқаролардан пул маблағларини олиб, молиявий пирамида ташкил қилди. Улар мулкий манфаатни ваъда қилиб, жабрланувчиларга 71 минг 200 АҚШ доллари миқдорида зарар етказган.

Бугунги кунда туризм соҳасида замонавий хизматларни йўлга қўйган халқаро компаниялар жуда кўп. Хусусан, улар интернет тармоғи орқали ўз хизматларини таклиф этмоқда. “Appi travels.com” – интернет орқали туризм соҳасидаги сервис хизматлар кўрсатишга мўлжалланган дастурий сайт бўлиб, унга канадалик маркетолог олим Данни Гаузер асос солган. Ушбу номдаги компаниянинг президенти ҳамда бренд эгаси ҳисобланади. Хоҳлаган шахс ушбу сайтга кириб, у орқали дунёнинг барча мамлакатлари учун авиабилетлар, меҳмонхона, ресторанлар, ижарага автомашина буюртириши, интернет сайти очиш, реклама ва шу каби электрон шаклда амалга ошириладиган хизматлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

Афсуски, айрим шахслар ана шундай имкониятлардан ўз нафси йўлида фойдаланмоқда. С.Маҳмудова ва Г.Ариповалар раҳбарлигида 2019 йил апрель ойида Қува туманида “Appi travels” туристик компаниясининг ноқонуний равишда филиали ташкил этилган. Улар интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб, мулкий манфаат бериш бўйича зиммага мажбурият олиш йўли билан фуқароларнинг жуда кўп миқдордаги пул маблағини жалб этишга доир ноқонуний фаолиятни амалга оширган.

Жумладан, С.Маҳмудова, Д.Солиева, Г.Арипова, Р.Солиева, Р.Саидазимова, Д.Дадажонова, Н.Султонова, Ф.Мўйдинов, Ш.Носирова ва М.Тиллаева 2019 йил апрель ойидан июнь ойига қадар интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали “appi travels.com” сайтининг олтиталик “матрица” хизматини нотўғри талқин этган. Фуқароларга мазкур сайтга 300 АҚШ доллари миқдорида пул тўлаб аъзо бўлишни ва олти нафар бошқа фуқароларни сайтга аъзоликка таклиф қилишни, шунда уларга 750 АҚШ доллари миқдорида бонус пуллари берилишини айтган. Мазкур сайт ва унинг имтиёзларини тарғиб қилиб, 95 нафар жабрланувчиларнинг жами 71 минг 200 АҚШ доллари миқдоридаги пулларини қабул қилиб олган. Ҳар бир фуқародан олинган 300 АҚШ долларни, 50 АҚШ долларини электрон пулга айирбошлаб, фуқарони юқоридаги сайтга расмийлаштириш учун ўтказиб, қолган 250 АҚШ долларини “матрица”нинг юқори босқичдаги аъзоларига тарқатиб бериб, пул маблағларини ва бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият олиб борган.

– С.Маҳмудова ва бошқаларнинг ушбу ноқонуний фаолияти “appi travels.com” ва мамлакатимиздаги “Appi Life” масъулияти чекланган жамияти билан боғлиқ эмас, – дейди Жиноят ишлари бўйича Қува туман суди раиси Зафаржон Омонов. – Судланувчилар халқаро провайдернинг сервис хизматлари, ўқув дастури, маркетинг режаларини тўлиқ ўрганиб, ҳар бир келаётган фуқаро билан шартнома асосида виза карта орқали тўловларни электрон тарзда амалга ошириб, иш юритиши ва фуқароларга “онлайн” туризм хизматлари ҳақида тўлиқ ахборот бериши керак эди. С.Маҳмудова юқоридаги талабларни бажармай, жиноий шериклари билан бирга ўз маркетинг режасини ишлаб чиқиб, ҳар бир фуқарони ўзи таклиф қилган фуқарони тагига ёзмай, уларни бошқа бир фуқаронинг тагига ёзиб юбориши оқибатида аввалги фуқаро даромад олмай қолган. Нотўғри фаолият олиб бориши натижасида кўплаб фуқаролар норози бўлиб, ҳеч қандай даромадсиз қолдирган ва юқоридаги жиноят содир бўлган.

Ачинарлиси, судланувчиларнинг аксарияти хотин-қизлар бўлиб, улар орасида шифокор ва ўқитувчилар ҳам бор. Ишни судда кўриш давомида етказилган моддий зарарнинг кўп қисми қопланди. Суд ҳукмига кўра, уларнинг қилмишидан пушаймонлиги, туман хотин-қизлар қўмитаси томонидан уларга кафиллик берилганини эътиборга олиб, судланувчи аёлларга шартли жазо, Ф.Мўйдиновга эса ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.