Аёллар суд залидан озод қилинди
Қамалганлар оппоқ эмас, аммо улар ҳам одам. Бундай шахслар жазо муддати тугамагунча ёки бирор сабаб билан озод этилмагунча барча ҳуқуқлардан маҳрумдир. Ҳатто у она бўлса ҳам, рухсатсиз боласини бағрига боса олмайди.
Қамалганлар оппоқ эмас, аммо улар ҳам одам. Бундай шахслар жазо муддати тугамагунча ёки бирор сабаб билан озод этилмагунча барча ҳуқуқлардан маҳрумдир. Ҳатто у она бўлса ҳам, рухсатсиз боласини бағрига боса олмайди.
Жазо муддатини ўтаётган бир гуруҳ аёлларнинг иши судда қайта кўриб чиқилар экан, бунгача улар суднинг “қора курсиси” жойлашган хоначага олиб кирилиб, устидан қулф урилади. Бу хоналар кўпчилик судларда темир панжарали, айримларида ойнаванд қилиб ясалган.
Бу сафар Олий суд суд залидаги ойнаванд хонада 20 чоғли маҳкума ўтирар, ғамгин нигоҳлари залга тўпланганлар ичидан яқинларини, айниқса, фарзандларини қидирарди... Эҳ, бу интизор нигоҳлар учун шу дақиқаларда дунё ўз йўлига, фақат дийдор муҳим.
Суд жараёни бошланди. Олий суд раисининг ўринбосари, Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Икром Муслимов раислигида ўтган суд мажлисида ҳар бир маҳкума бўйича иш кўриб чиқилар экан, исми-шарифи айтилган аёл борки, кўзига ёш олиб сўзни тазаррудан бошларди.
Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова маҳкумалар ҳақида фикр билдирганда, аёлларнинг она эканига урғу бериб, қилмишидан пушаймон шахсларга имкон бериш нуқтаи назаридан уларнинг жазосини енгиллаштиришни сўради.
Хотин-қизлар қўмитаси вакили эса аёлларнинг кафилликка олинишини, улар қайта жиноят содир қилмаслиги учун барча чоралар кўрилишини қайд этди.
Сожида Тошматованинг жиноят иши қайта кўриб чиқилгач, унинг қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон эканлиги, хатосидан тўғри хулоса чиқаргани инобатга олиниб, унга тайинланган жазо енгилроғига алмаштирилди. Яъни у суд залидан қамоқдан озод этилди.
Озод бўлган аёлнинг биринчи қилган иши суд залида ўтирган ўғлини бағрига босиш бўлди. Дийдор, кўз ёшлар...
1971 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган Сожида Тошматова 2009 йил ноябрь ойида суд ҳукмига кўра 10 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган эди. Унинг қамоқхонада ўтган ўн йилида онасиз тўйлар бўлди, буви меҳрисиз набиралар туғилди, энг ёмони, жуфти ҳалолининг рози-ризолигини сўрай олмаган ҳолда оила бошлиғи ёруғ дунёни тарк этди.
– Халқимни заҳарлаганим учун мени отиб ташлашса ҳам кам эди, аслида, – дейди Сожида Тошматова. – Лекин менга бағрикенглик кўрсатилиб, кечириб, эртароқ озодликка чиқаришди. Бунинг учун шу имконни берган давлатимиздан, Президентимиздан миннатдорман. Наркотик савдоси туфайли иккинчи марта қамалганим менга жуда қимматга тушди. Етти фарзандим жуда узоқ вақт она меҳрисиз, суянчисиз қолди. Бу кўргуликни кўтара олмаган турмуш ўртоғим икки йил аввал вафот этди. Шундай оғир пайтда оиламнинг ёнида бўла олмадим. Бу пушаймонлар кўзимни очди. Инсон фақат ҳалол йўлдан юрса, қоқилмас экан. Онага мол-дунё эмас, оиласининг тинчи керак экан. Бир бурда нонини болалар билан бирга баҳам кўрса, шу экан ҳаёт қувончи. Берилган имкондан фойдаланиб, энди ҳалол меҳнат қилиб яшашни мақсад қилдим.
Айтиб ўтиш керакки, давлатимиз раҳбарининг инсонпарварлик ва бағрикенгликка йўғрилган сиёсати туфайли турли хил сабаблар билан тўғри йўлдан адашган, жиноий қилмишларга қўл урган бўлса-да, хатосини тушуниб, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган аёлларга енгиллик берилмоқда, улар жазодан муддатидан олдин озод қилиниб, оиласи, фарзандлари бағрига қайтарилаётир.
Бу эзгу ишларни амалга оширишда 2018 йил 20 июлда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ўртасида имзоланган меморандум ҳам муҳим ўрин тутмоқда.
Мазкур меморандум доирасида жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида 148 нафар аёлга Хотин-қизлар қўмитаси кафиллиги асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланди.
Олий судда ўтказилган навбатдаги очиқ суд мажлисида жазони ўташ муассасасида жазо ўтаётган 22 нафар аёлнинг назорат тартибида берган шикоят аризаси кўриб чиқилди. Маҳкума аёллар жазонинг асосий қисмини ўтагани, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, жазони ўташ жараёнида ижобий жиҳатларини намоён этиб, муассаса раҳбариятининг ташаккурномасини олгани эътиборга олинди.
Суд ажрими билан содир этган жинояти учун тайинланган жазонинг асосий қисмини ўтагани, қилмишига иқрор ва пушаймон бўлгани, ёши ҳамда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси
нинг кафолати хати инобатга олиниб, 22 нафар аёлга нисбатан тайинланган жазолар қонунда белгиланган тартибда қисқартирилди. Шундан 20 нафар аёл қисқартирилган жазо муддатини ўтаб бўлгани сабабли суд залидан қамоқдан озод этилди ва оиласи бағрига қайтарилди.