Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
АЁЛЛАР ФУТБОЛИ: Вилоят ҳокими “Андижанка” қизларини моддий рағбатлантирди, камига жамоа дарвозабонига уй совға қилди
17:30 / 2019-08-21

Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг футболга меҳри ортгач, бу соҳада катта ишларни амалга оширмоқда.


Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг футболга меҳри ортгач, бу соҳада катта ишларни амалга оширмоқда.

Шахсан ҳокимнинг ташаббуси билан “Андижон” жамоаси бу йилдан Суперлигада иштирокини бошлади, вилоят бош спорт аренаси – “Соғлом авлод” стадиони замонавий талаб даражасида таъмирланди, жиҳозланди. Энг муҳими, вилоятда “Футбол куни” жорий этилди. Буларнинг барига бир мавсумда эришилди. Ҳозирги гап эса бевосита аёллар футболи ҳақида боради.

“Андижанка” жамоаси ҳақида билмаган, ҳеч бўлмаганда, эшитмаган кимсанинг ўзи йўқ. Ўз даврида “Андижанка”нинг довруғи собиқ Иттифоққа, муболаға бўлмаса бутун дунёга тарқалган. Чим устида хоккей жамоаси сифатида собиқ Иттифоқ чемпионатига асос солишда асосий ролни ўйнаган “Андижанка” шу чемпионатнинг бир неча бор чемпиони бўлган, унинг қизлари ҳатто Олимпиада ўйинларида совринли ўринлардан жой олган. Терма жамоани бошқариш ҳам айнан ҳамюртимизга – Мирон Кимга насиб этган. Вақт ўтиб, Иттифоқ парчалангач мамлакатимизда чим хоккейга бўлган эътибор ҳам анча сусайди. Бундан хулоса қилган Мирон Дмитриевич чим хоккейчи шогирдларини футбол ўйнашга чорлади. Қарабсизки, чавгончи қизлар қисқа фурсатда моҳир футболчиларга айланишди.

photo_2019-08-21_21-38-31.jpg

“Андижанка” футбол бўйича Ўзбекистон чемпионатида бир неча бор олтин, кумуш ва бронза медалларни қўлга киритиб келди. Уч йил олдин жамоа бош мураббийи Мирон Дмитриевич оламдан ўтди-ю, жамоанинг ҳам машҳурлик даври тугади. Футболчилар энди совринли ўринлар учун эмас, балки лигада жон сақлаш учун ҳам кураш олиб борадиган бўлди. “Андижон” клуби мутасаддилари аёллар жамоасини ҳам сақлаб қолиш, чемпионатда мазмунли иштирок этишини таъминлашга қанчалик уринишмасин, аёллар жамоаси катта футболдаги ташвишлар соясида қолиб кетаверди. Натижада, футболчилар ўз маошлари ёки мукофот пулларини олиш муаммоларига дуч келишди, талаблар, қоғоз қораламалар бўлди.

Ниҳоят, футболчи қизларнинг нолалари вилоят ҳокимигача етиб борди. Кеча, шаҳардаги “Халқлар дўстлиги” спорт мажмуасида олиб бораётган улкан таъмирлаш ишлари билан танишиш мақсадида объектга ташриф буюрган вилоят ҳокими Ш.Абдураҳмонов шу ҳудудда жойлашган “Андижанка”нинг базасига қадам босди. Футболчилар ва жамоа раҳбарлари билан суҳбатлашди. Фурсатдан фойдаланган футболчилар бор дардларини тўкиб-сочишди. Катта футбол билан банд бўлиб, аёллар футболидаги муаммо ва камчиликлардан бехабар қолган вилоят ҳокими бунинг учун клуб мутасаддиларига танбеҳлар берди. Шу ернинг ўзида имкон қадар футболчиларнинг муаммоларини ечишга ҳаракат қилди. Бир неча ойлардан буён маошларини ололмаётган қизларга маошлар тарқатилди. Жамоа аъзолари Мафтуна Жўраева, Комила Тўхтасинова ва Диннура Аллаёроваларнинг олий даргоҳлардаги шартнома харажатларига маблағ ажратилди. Энг муҳими, оилавий қийинчиликларни бошидан ўтказаётган, бир неча йиллардан буён жамоанинг дарвозасини қўриқлаётган Ҳурматой Камолхўжаевага уй совға қилди. Агар жамоа 9-16-ўринлар учун кураш олиб бораётган жамоалар ичида энг юқори ўринни эгалласа жамоа бошлиғи Хуршид Толибжоновга “Спарк” машинаси ҳадя этишга ваъда берди.

Турган гапки, вилоят ҳокимининг бу каби сахийлигидан ғурурланган футболчи қизлар келгусида “Андижанка” номини янада улуғлашга, унинг эски анъаналарини давом эттиришга бор куч-қудратлари билан ҳаракат қилишга сўз беришди.