Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
АЁЛЛАР ФУТБОЛИ: “Севинч” зафарли юришини давом эттиряпти, “Бунёдкор”да эса очко йўқотиш бор
18:30 / 2019-08-21

Аёллар ўртасида мамлакат чемпионати олий лигасининг иккинчи босқич иккинчи тур ўйинлари бўлиб ўтди.


Аёллар ўртасида мамлакат чемпионати олий лигасининг иккинчи босқич иккинчи тур ўйинлари бўлиб ўтди.

Айтиш мумкинки, иккинчи босқичда совринли ўринлар учун курашаётган деярли барча жамоалар ўйинларини марказий баҳс сифатида қабул қилиш мумкин. Сабаби, бир-иккитасини инобатга олмаганда қолган барча жамоалар совринлар учун “жанг” қилишга тайёр. Икки кун давом этган иккинчи тур ўйинлари фикримизни янада тасдиқлади.

Фақат олтин медални кўзлаётган “Бунёдкор” жамоаси ўтган турда “Металлург” билан дуранг ўйнаб, икки очко йўқотган ҳолда “Севинч”га яхшигина имконият яратиб берганди. Бу турда “қалдирғочлар” “Локомотив” жамоасини йирик ҳисобда доғда қолдира олишди.

АГМК жамоаси аввалги турда жиззахликлардан мағлуб бўлганди, бу гал “Қизилқум” жамоасини йирик ҳисобда енгишнинг уддасидан чиқди. Эътиборли жиҳати, рақиб жамоасига киритилган голларнинг барига Камила Зарипова муаллифлик қилди. 1-турда “Бунёдкор”дан очко ишлаб олган “Металлург” 2-турда “Пахтакор” жамоасидан уч очко олди. Икки тур якунига кўра биргина “Севинч” жамоаси юз фоизли натижа қайд этиб турибди. Владислав Хан шогирдлари ўтган турда навоийликларга қарши баҳсда у қадар қийинчиликка дуч келмаганди, лекин бу галги ғалаба осонликча қўлга киритилмади. Деярли тенг курашлар остида ўтган ўйинда омад мезбонларга кулиб боқди. Биринчи бўлимда Малика Бурхонова ҳисобни очган бўлса, иккинчи бўлимда Лайло Шодиева томонидан киритилган гол ўйин тақдирини ҳал этиб қўйди...

2-тур
19 август 
“ҚИЗИЛҚУМ”– АГМК - 1:4
Голлар: Бахтишод Тўхтаева (86-пен.) - Камила Зарипова (33, 53, 63, 83).

“СЕВИНЧ” – “СЎҒДИЁНА” - 2:0
Голлар: Малика Бурхонова (43), Лайло Шодиева (58)

20 август
“ЛОКОМОТИВ”– “БУНЁДКОР” - 0:5
Голлар: Феруза Турдибоева (6, 9), Маҳлиё Сариқова (7), Саида Галимова (24, 84)

“ПАХТАКОР”– “МЕТАЛЛУРГ” - 0:1
Гол: Шоира Қултўраева (62).

Шу тариқа 2-турдан кейин “Севинч” жамоаси 6 очко билан карвонбошилик қиляпти. “Бунёдкор” ва “Металлург” жамоалари 4 очкодан жамғарган. АГМК, “Сўғдиёна” ва “Локомотив” жамоалари 3 очкодан тўплаган бўлса, “Пахтакор” ва “Қизилқум” жамоаларида ютуқли устун кўрсаткичи ҳамон 0 бўлиб турибди.

Навбатдаги 3-тур ўйинлари эртадан старт олади. Унда қуйидаги жамоалар ўзаро куч синашишади:

22 август
“Қизилқум” – “Сўғдиёна”
“Севинч” – АГМК

23 август
“Локомотив” – “Металлург”
“Пахтакор” – “Бунёдкор”.