“Аёллар дафтари” – янги имкониятлар асоси
Кўксида шундай гўзал, жаннатмакон мамлакатнинг фуқароси бўлишдек ғурурни туйиб, обод ҳамда фаровон ҳаёт кечириш, буюк давлат барпо этиш йўлида фидокорона меҳнат қилади.
Ҳар бир ўзбекистонлик ўзи яшаб турган озод ва мустақил Ватани билан фахрланади.
Кўксида шундай гўзал, жаннатмакон мамлакатнинг фуқароси бўлишдек ғурурни туйиб, обод ҳамда фаровон ҳаёт кечириш, буюк давлат барпо этиш йўлида фидокорона меҳнат қилади.
Бу ватанпарварлик туйғулари эса бевосита она алласидан фарзанд қалбига муҳрланиб боради. Шундай экан, бугун Президентимиз томонидан аёлларга қаратилаётган эътибор ҳам бежиз эмас.
Хусусан, яқинда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида жамиятда аёллар ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлашга оид бир қатор масалалар муҳокама этилди. Ҳар бир ҳудудда “Аёллар дафтари” шакллантирилиб, қўллаб-қувватлашга муҳтож ишсизлар киритилиши ва манзилли иш йўлга қўйилиши айтилди.
Шунингдек, бу масъулиятли ишга Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги каби бир қатор ҳамкор ташкилотлар бириктирилгани ҳеч бир хотин-қиз давлат эътиборидан четда қолиб кетмаслигини таъминлайди.
Хатлов ишларига жалб қилинган мутахассислар уйма-уй юриш орқали аёллар билан мулоқот қилиб, уларнинг эҳтиёжлари, қизиқишларини аниқлаган ҳолда анкета сўровномаларини қайд этиб боради. “Аёллар дафтари”га ҳар бир ҳудудда истиқомат қилаётган, 30 ёшдан ошган, ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлаш, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ҳамда иштиёқи бўлган, шунингдек, бандлиги таъминланиши керак бўлган хотин-қизлар киритилади.
“Аёллар дафтари” қанчалик аҳамиятга эга?
Анкета сўровномаси билан танишар экансиз, унда аёлларимизнинг барча эҳтиёжларию орзу-умидлари ҳамда муаммоларидан келиб чиққан ҳолда тузилганига амин бўласан, киши. Шу ўринда бир савол туғилади. Хўш, бугун нима учун “Аёллар дафтари” зарур бўлиб қолди?
Донишмандларнинг: “Дунёдаги барча фахр-ифтихор аёл туфайли бунёд бўлади. Қуёшсиз гуллар очилмагани каби, муҳаббатсиз бахтга эришиб бўлмагани каби, аёл бўлмас экан – шоир ҳам туғилмайди, қаҳрамон ҳам”, – дея айтилган пурмаъно ҳикмати неча асрлар ўтса-да, ўз қадр-қимматини йўқотгани йўқ.
Дарҳақиқат, аёл – муштипар она, суюкли ёр, меҳру муҳаббатга лиммо-лим тўлган опа-сингиллар, севимли қизларимиз! Улар бор экан миллатнинг эртаси, келажаги бор. Чунки ҳар қандай миллатни, халқни тарбияловчи аёллардир.
Шу онда бу дафтар орқали олис ҳудудларда ўз ташвиш-ўйларига ўралашиб, дардини айтолмай юрган қанчадан-қанча аёлларимиз кўз ўнгимизда гавдаланади. Боқувчисини йўқотиб, жўжабирдай жон бўлган болаларининг кўзига термилиб турган оналар, узоқ муддат чет элда сарсону саргардонлик кўчаларида қолиб, қийинчиликлар чегарасидан ўтолмай, не-не машаққатлар билан юртимизга келиб, қай ишга бош суқишни билмай турган аёллар жонланади хаёлимизда.
Одам савдоси қурбони бўлган, оилавий зўравонликлар залолатида ажрим ёқасига келиб қолган, боласига “Сен энди етим бўлиб қолдинг” деёлмай турган опа-сингилларимиз кўз ўнгимизда намоён бўлади. Санайверсак саноғи тугамайдиган муаммоларга ечим топиш вақти келди.
“Аёллар дафтари” – муаммолар ечимига элтувчи йўл
Бугун давлатимиз раҳбари томонидан “Аёллар дафтари”, дея бошланган хайрли иш барча ҳудудларда тизимли давом этмоқда. Хусусан, Хатирчи туманида ташкил этилган ишчи гуруҳ вакиллари ҳам уйма-уй юриб, ҳар бир фуқаро билан суҳбат қуриб, улар иштирокида сўровномаларни тўлдирмоқда. Ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, бандлигини таъминлашга эҳтиёжи бўлган 30 ёшдан юқори хотин-қизлар “Аёллар дафтари”дан жой олмоқда.
Бугунги кунда Хатирчи туманида 36 минг 667 та хонадон, 45 минг 731 та оила мавжуд бўлиб, “Аёллар дафтари”нинг юритилиши бўйича ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинида махсус ишчи гуруҳ шакллантирилди. Улар ҳар бир аёлнинг муаммоларини ўрганиш, уларга кўмак бериш мақсадида сўровномаларни тўлдирмоқда.
Бу эса аёлларни қийнаётган турли соҳалардаги чигалликлар ўз ечимини топишига асос бўлади. Ҳар бир аёл ҳаётнинг барча поғоналарида қоқилмасдан, дадил қадам ташлаши учун юртимизда имконият эшиклари очилганлиги айни ҳақиқат. Юртбошимиз томонидан ҳар бир вилоят, шаҳар-туман ҳокимликларию маҳалла раисларигача “Аёллар дафтари”ни юритиш, улар давлат назоратида эканлигини англаши учун тушунчалар бериш лозимлиги айтиб ўтилганида ҳам катта маъно мужассам.




Жамшид ХОДЖАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси