“Аёллар қаноти”нинг келгусидаги вазифалари белгиланди
Ўзбекистон “Адолат” СДП “Аёллар қаноти” республика кенгашининг IV ҳисобот-сайлов конференцияси ўтказилди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП “Аёллар қаноти” республика кенгашининг IV ҳисобот-сайлов конференцияси ўтказилди.
“Аёллар қаноти”нинг 5 йиллик фаолияти сарҳисоб қилинди ва амалга оширилган ишларга баҳо берилди. “Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича узоқ муддатли амалий ҳаракатлар дастури” хусусида сўз борди.
Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, хотин-қизларнинг гендер тенглиги ва репродуктив саломатлиги соҳасида ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Президентимиз бутун дунё ҳамжамиятини пандемия даврида аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тобора долзарб аҳамият касб этаётганига яна бир бор эътиборни қаратди. Янги парламентимизда аёл депутатлар сони икки баробарга кўпайгани, Олий Мажлис Сенати раиси хотин-қизлар вакиласи эканлиги, ҳатто туманларда аёл ҳокимлар фаолият юритаётгани нафақат минтақамизда, балки халқаро миқёсда ҳам диққатга сазовордир.
Тадбирда Тошкент вилояти “Аёллар қаноти” кенгаши томонидан амалга оширилган ишлар ҳам таҳлил қилинди. Вилоят кенгаши “Тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси”, “Инсон саломатлиги – олий неъмат”, “Тиббиёт қонунчилиги, амалдаги ҳолат: муаммо ва ечимлар”, “Оила муқаддас даргоҳ”, “Фуқаролик жамиятида шахс тарбияси ва унда оила институтининг ўрни” мавзуларида суҳбат, учрашувларни мунтазам ўтказган.
2015-2020 йиллардаги “Аёллар қаноти” фаолияти сарҳисоб қилинар экан, қўйилган вазифалардан қанчаси бажарилди, деган саволга танқидий ёндашилди.
Конференцияда ижобий натижалар билан бирга камчиликлар ҳам борлиги таъкидланди. Ҳали аёлларнинг сиёсий ва хуқуқий фаоллиги замон талаблари даражасида эмас. Ўтказилган тарғибот-ташвиқот ишлари баъзан самара бермаётгани маълум. Шулардан келиб чиқиб келгусида кўзланган мақсадларга эришиш йўллари белгилаб олинди.
“Адолат” СДП “Аёллар қаноти” республика кенгашининг янги таркиби тасдиқланиб, раиси сайланди.