Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аёлнинг ўлимига сабаб бўлган кичик хато...
11:31 / 2020-10-03

Учинчи турмуш ўртоғи билан ҳам ҳаёти давомида арзимас баҳоналарни деб тез-тез жанжаллашадиган одат ҳам чиқарди.


Раҳим (исми ўзгартирилган) ҳаёти давомида бирор тайинли ишнинг бошини тутмади. Безорилик ва вояга етмаган шахсни жиноятга жалб қилганлиги учун судланиб ҳам чиқди. Уч марта уйланишга ҳам улгурди. 

Учинчи турмуш ўртоғи билан ҳам ҳаёти давомида арзимас баҳоналарни деб тез-тез жанжаллашадиган одат ҳам чиқарди.

Фарғона вилояти, Риштон тумани, «Юқори Авазбой» маҳалласида 2020 йил 27 март куни шов-шувли хабар тарқалди, Нима эмиш, Раҳим учинчи турмуш ўртоғи Малоҳатни (исми ўзгартирилган) теша билан чопиб ўлдириб қўйибди.

Аслида воқеа қандай юз берди, унинг юз беришига қандай сабаб ва омиллар туртки бўлди?

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судида кўриб чиқилган навбатдаги жиноят иши тафсилотларига кўра, Раҳим 2020 йил 26 март куни тунги соат 2:00 ларда Риштон тумани, «Юқори Авазбой» маҳалласидаги хонадонда бир ярим ёшлик фарзандининг йиғисидан уйғониб кетади. У турмуш ўртоғи Малоҳатни фарзандининг қорнини тўйғизиш учун уйғотади. Малоҳат бироз эркалик қилибми ёки уйқу кучи биланми, Раҳимнинг бу талабини рад этади. 

Аммо, салбий ва тажовузкор хулққа эга бўлган Раҳим учун турмуш ўртоғининг ушбу «раддияси» жуда фожиали кўриниб, фарзандини тўйғазишни рад этган турмуш ўртоғи билан ўзаро жанжаллашиб, айвонда бўлган тешани олиб кириб, олди ва орқа томони билан Малоҳатнинг бош қисмига бир неча марта уриб, уни қасддан ўлдиради.

Мазкур жиноят учун 2020 йил 8 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди томонидан ҳукм ўқилиб, Раҳим Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми, яъни қасддан одам ўлдиришда айбли деб топилди.

Унга 14 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Хўш, ушбу жиноят рўй бермаслиги, икки нафар норасида фарзанднинг онаси ҳаётдан бундай фожиали тарзда кўз юммаслиги мумкин эдими?

Албатта, мумкин эди. Раҳим ва Малоҳат яшаётган маҳалла фаоллари, профилактика инспектори ўз вақтида ушбу оилада рўй бераётган низоли ҳолатларга ўз муносабатини билдириб, чора кўрганида мумкин эди.

Бироқ, бундай чоралар кўрилмади. Кўрилса ҳам, расмиятчилик учун... Натижада икки норасида фарзанд онасиз, ота эса узоқ йиллар панжара ортида.

Суд ушбу жиноят содир этилишига олиб келган сабаб ва омилларни бартараф этиш учун хусусий ажрим чиқариб, ушбу муаммога тегишли мутасадди орган ва мансабдор шахслар эътиборини қаратди.