French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аёл киши учун маҳалла раислиги осонми?
18:23 / 2020-03-05

Маҳалла оқсоқоли деган гап борлиги учунми, кўпчилигимиз маҳалла раиси деганда, ёши улуғ, нуроний кишини тасаввур қиламиз.

8 март – Халқаро хотин-қизлар куни

Маҳалла оқсоқоли деган гап борлиги учунми, кўпчилигимиз маҳалла раиси деганда, ёши улуғ, нуроний кишини тасаввур қиламиз.

Лекин кейинги пайтда маҳалла фуқаролар йиғинларининг ҳуқуқ ва ваколатлари кенгайиши, шу билан бирга, улар зиммасига кўплаб мажбуриятлар юкланиши ортидан “оқсоқол”лар анча ёшарди.

Бугун 35-40 ёшли маҳалла раисларини ҳам кўряпмиз, уларнинг тўрт-беш минг аҳоли бошини бириктириб, эзгу ишларни амалга ошираётганига ҳам гувоҳ бўляпмиз.

Айни чоғда аёллар орасида ана шундай масъулиятни зиммасига олиб, халқ ишончига муносиб тарзда ишлаётган маҳалла раислари ҳам кўпайиб қолди.

Жумладан, Тойлоқ туманида мавжуд элликдан ортиқ маҳалланинг бештасини аёллар бошқармоқда. 

7.JPG  

– Бу раислар айрим эркак оқсоқолларимиз уддалай олмайдиган вазифаларни ҳам бажараётганини барчамиз кўриб турибмиз, – дейди Тойлоқ тумани маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари Мартаба Қувватова. – Интизомли, маҳалла учун худди ўз оиласига жон куйдиргандек елиб-югуради. Айниқса, оила ва турмуш масалаларида, ёшлар таълим-тарбиясига жуда эътиборли улар. Шунинг учун ҳам фақат бир муддат эмас, бир неча сайловларда халқ ишонч билдириб сайлаган аёл раисларимиз бор.

Мартаба Қувватова тумандаги “Нурли йўл” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Хосият Исрофиловани ана шундай маҳалла раисларидан бири, деб таништирди. Унинг айтишича, туман ҳокими бу опани ўнта эркак раисга ҳам алмашмаслигини кўп таъкидлар экан. Бунинг боиси нимада?..

– Отам элнинг ҳурматини қозонган, одамларга бош бўлган инсон эдилар, – дейди “Нурли йўл” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Хосият Исрофилова. – Лекин мен ҳеч қачон маҳаллада ишлашни орзу қилмаган ва интилмаганман. Полиграфия техникумида ўқиганим учун босмахоналарда ишлаганман. Кейинчалик оилавий шароитим тўғри келмай, бир неча йил ишламадим. 2004 йилда, 46 ёшимда қишлоғимизнинг кайвони онахонларидан Зайнаб опа маҳаллада диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчи бўлиб ишлашга чақирди. “Озми-кўпми, ҳаётий тажрибангиз бор, ёш оилалар, хотин-қизлар билан ишлайсиз, одамларга нафингиз тегсин”, деди. Йўқ, дея олмадим. Ушбу вазифага мендан бошқа яна бир номзод – муаллима опа бор эди. “Шу опа ўтсалар яхши бўларди” деб ўйлардим ўзимча. Буни қарангки, маслаҳатчиликка мени танлашди. Маҳаллага “боғланиб” қолишим шундан бошланган. Кўпчиликнинг манфаати учун югуриш, кимгадир ёрдам беришга интилиш, арзимаган гап-сўз туфайли бузилиш арафасида турган оилани асраб қолишнинг заҳмати-ю, бу ҳаракатлар самарасини кўриш гашти бошқача бўлар экан. Маҳалламиз икки қишлоқ – Бахшитепа ва Қундизакдан иборат бўлса-да, фақат ўзимнинг қишлоғим эмас, икки ҳудуд аҳолиси ҳам ўзларига яқин олиб, фикрларимни қўллаб-қувватлади. Муҳим масалаларда маслаҳат сўради. Бундай пайтда маҳалла учун туну кун, иссиқ-совуқ демай ишлашга ҳам рози бўларкансан, киши. 

9.JPG  

Одамларнинг меҳрини қозонган маслаҳатчи опани маҳалла аҳолиси 2013 йилда ўзларига раис этиб сайлашди. Кейин иккинчи муддатга ишонч билдиришди. Ўтган йил ўтказилган сайловда ҳам маҳалланинг беш мингдан ортиқ аҳоли вакиллари “Нурли йўл”га Хосият опа раисликни давом эттиришини истади.

– 2018 йилда маҳалламиз “Обод қишлоқ” дастурига тушди ва ўша йили кўп муаммоларимизга ечим топилди, – деб сўзида давом этади Хосият опа. – Йўлларимиз таъмирланди, янги боғча қурилди, мактаб, қишлоқ врачлик пункти реконструкция қилинди. Тадбиркорларимиз замонавий супермаркет очди. Маҳалламиз марказида эски универмаг биноси фойдаланилмай турган эди. Мазкур бинонинг бир қисмида кутубхона ва тил ўргатиш тўгараги, бир қисмида эса спорт зал ташкил қилдик. Ҳозир маҳалладошларимиз бўш вақтларида шу ерга келишади. Ёшлар келиб спорт билан шуғулланади, тил ўрганади. Шу дастур туфайли қишлоқларимиз шаҳарча кўринишини олди. Бу ишларнинг барчаси давлатимизнинг эътибори, маҳалладошларимизнинг ҳамжиҳатлиги, аҳил-иноқлиги билан бўляпти. Кўз тегмасин, одамларимиз меҳнаткаш, маданиятли, илм-маърифатни яхши кўради. Ҳар бир ота-она фарзандини ўқитишга, касб-ҳунарли қилишга эътибор беради. Томорқадан самарали фойдаланишади. Кўп ҳовлиларимизда иссиқхоналар бор. Чорва ва паррандачилик билан шуғулланадиган оилалар ҳам кам эмас. Шунинг учун ҳудудимизда деярли ишсиз, бекорчи одам йўқ. Жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик каби кўнгилсиз ҳолатлар ҳам учрамайди. Биттагина нотинч оиламиз бор, унинг муаммосини ҳам яқин кунларда ҳал қилишга кучимиз етади.

Хосият опадан маҳалладаги тўй ва бошқа маросимларни тартибли ўтказиш, кимгадир қаттиқроқ гапириш аёл киши учун оғир эмасми, деб сўраганимизда “дабдабали, ортиқча хой-у ҳавасли тўйлар халқимизнинг ҳам жонига теккан эди, шунинг учун бу йил жорий этилган янги тартибга тезда мослашди”, деб жавоб берди. Раис опа тўй-маъракаларнинг маслаҳати пухта бўлса, тўй ёки бошқа маросим эгаси эл билан ҳисоблашса, ҳаммаси бадастир бўлишини ҳам айтиб ўтди. Бошқа жойларда қандай, лекин “Нурли йўл”да шундай экан.