Ўзбекистонда барқарор ва масъулиятли туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар орасида Жиззах вилоятидаги Айдар – Арнасой туризм зонасида яратилаётган янги экотуризм маскани алоҳида аҳамият касб этади.
Ушбу лойиҳада нафақат ҳудуднинг бой табиий салоҳиятидан оқилона фойдаланиш, балки ички ва халқаро сайёҳлар учун экологик ва замонавий инфратузилма яратиш ҳам кўзда тутилганлигини таъкидлаб ўтиш лозим.


Бугун ушбу масканда қурилиш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда. Экологик меҳмон уйлари, пиёда ва велосипед сайр йўлаклари, ахборот-марказлари каби объектлар барпо этилмоқда. Табиатни муҳофаза қилиш мақсадида қуёш панеллари, ёмғир сувини йиғиш тизимлари ҳамда чиқиндиларни саралаш инфратузилмалари жорий этилади.
Қурилиш ишларига 60 дан ортиқ махсус техника, 190 нафардан зиёд ишчи жалб этилган бўлиб, уларнинг аксарияти маҳаллий аҳоли вакилларидир. Шу тариқа лойиҳа ижтимоий аҳамиятга ҳам эга бўлиб, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.


Айдар – Арнасой ҳудудидаги мазкур экотуризм маркази 2025 йил ноябрь ойида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. У табиий гўзаллик сақланган ҳолда замонавий сайёҳлик муҳитини яратишда муҳим аҳамият касб этади. Бу нафақат маҳаллий, балки хорижий туристлар учун ҳам жозибадор экотуризм масканини шакллантиришга хизмат қилади.
Айни пайтда лойиҳа Ўзбекистоннинг барқарор туризм сиёсатидаги амалий ютуқларидан бири сифатида намоён бўлмоқда. Табиатга эҳтиёткор муносабат, замонавий инфратузилма ва инсон капиталидан оқилона фойдаланиш орқали ҳудудда янги сайёҳлик салоҳияти юзага чиқмоқда. Бу эса ўз навбатида мамлакатимизнинг халқаро сайёҳлик харитасидаги ўрнини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

А.Қаюмов, ЎзА мухбири