Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Айдар-Арнасой кўллари тизимида янги инкубация цехи ишга тушди
16:44 / 2025-04-30

Жиззах вилоятининг Арнасой туманидаги “Бахтли” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида майдони 40 гектарлик Айдар-Арнасой кўллари тизимида янгидан барпо этилган балиқчилик инкубация цехи ишга туширилиши муносабати билан “Profеssional Assets Management” МЧЖ томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳамда истиқболдаги режаларга бағишланган семинар ташкил этилди.

Тантанали очилиш маросимида Жиззах вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Зафар Азимов, Арнасой тумани ҳокими Одил Мусанов, лойиҳа иштирокчилари – “Profеssional Assets Management” МЧЖ бош директори Шуҳрат Мавлонов ва бошқалар сўзга чиқиб, Президентимизнинг 2022 йил 22 февралдаги “Айдар-Арнасой кўллар тизими бошқарувини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ушбу ҳудудда амалга оширилаётган ишлар, янгидан барпо этилган мазкур инкубация цехининг балиқчилик ва сайёҳликни ривожлантиришдаги имкониятларини алоҳида қайд этиб ўтишди.

Лента қирқиш маросимидан сўнг тадбир иштирокчилари инкубация цехи, лаборатория фаолияти, балиқ човоқлари олиш ва улардан личинкалар ишлаб чиқариш жараёни, ишчи-ходимлар учун яратилган шароит, сунъий ва табиий балиқ ҳовузларини кўздан кечиришди.

Бугунги кунда “Айдар-Арнасой кўллар тизими” МЧЖ да 40 нафардан ортиқ ишчи-хизматчилар меҳнат фаолиятини юритиб келмоқда.

Айдар-Арнасой кўллари тизимининг умумий майдони 370 минг гектар, узунлиги 190 километр, ўртача кенглиги 21 километрдан иборат бўлиб, энг чуқур қисми 30 метрни, ўртача чуқурлиги эса 7 метрни ташкил этади. 

[gallery-23096]

Ушбу семинар давомида Жаҳон банки вакили Пьер Гербер, Туркия Халқаро ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги раҳбарининг ўринбосари Албина Тузлу, “REAL HUNTER” МЧЖ директори Бобур Абжалилов, “Айдар-Арнасой кўллар тизими” МЧЖ директори Олим Умаров ва бошқалар янги лойиҳанинг аҳамияти, инкубацияда Айдар – Арнасой кўллари тизимига мослаштирилган янги балиқ турлари етиштирилиши, туризм инфраструктурасини ривожлантириш, хорижий ва маҳаллий туристлар учун яратилаётган шароитлар, шунингдек, балиқ ишлаб чиқариш миқдор ва сифатининг ортиши ва янги иш ўринлари яратилиши ҳақида атрофлича фикр-мулоҳазалар билдиришди.

– Мазкур лойиҳамизни амалга оширишимиз натижасида қиймати 100 миллион АҚШ долларидан иборат 50 дан ортиқ иш ўрни яратилади, – дейди “Айдар-Арнасой кўллар тизими” МЧЖ жамият директорининг биринчи ўринбосари Фарҳод Алимов. – Ушбу лойиҳадан кутилган мақсад интенсив балиқ етиштиришнинг замонавий технологияларини кенг жорий этиш ҳамда табиий сув ҳавзаларида маҳсулдорликни кўпайтириш, кўллар тизими ҳудудида замонавий туризм инфратузилмаси объектларини барпо этиш ҳамда туристларга хизмат кўрсатиш учун зарур шарт-шароитлар яратишдир. Булардан ташқари, лойиҳамизда ҳаваскорлик ва спорт балиқ овини ривожлантириш каби вазифалар мужассам. Бугунги тадбир балиқ етиштиришда инновацион усуллардан фойдаланган ҳолда кўл саховатидан унумли фойдаланиш камбағалликни қисқартириш йўлидаги муҳим қадам бўлади, деб ўйлайман.

Дарҳақиқат, йилига бошланғич 15 миллион, тўлиқ қуввати эса 50 миллионтагача балиқ чавоқларини етиштириш қувватига эга ушбу инкубацион цех ишга туширилгач, кўлни тўлиқ балиқ билан тўлдириш имконияти юзага келади. Жараёнда экология ва атроф-муҳит муҳофазасига ҳам алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлаб ўтиш жоиз.

– Личинка ишлаб чиқариш бўйича янги инкубация цехларини ташкил этиш, балиқ чавоқлари етиштириш ҳажмларини кўпайтириш, мавжуд ҳовузларни модернизация қилиш ва кенгайтириш кўллар тизимида балиқчиликни ривожлантиришга сабаб бўлади. Бу эса ҳудуднинг ихтисослигини ҳамда ишлаб чиқариш ҳажмининг ошишига йўл очади, – дейди инкубация цехи ҳамтаъсисчиси, “REAL HUNTER” МЧЖ директори Бобур Абжалилов.

Эътиборлиси, ҳудудда балиқ турлари ва сонини ошириш ҳаваскор ва спорт балиқ ови туризмини кенгайтириш, сайёҳларга хизмат кўрсатиш ҳажмини оширишга хизмат қилади.

Мутасаддиларнинг берган маълумотларга кўра, шу кунгача кўлда спорт ва ҳаваскорлик балиқ ови туризми учун яратилган шарт-шароитларни ижтимоий тармоқларда ва оммавий ахборот воситаларида ёритиб бориш орқали сайёҳлар сони шу ҳудудда 22 минг нафардан ошган.

Шу ўринда мазкур лойиҳада Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Айдар-Арнасой кўллар тизимида ҳайвонот ва ўсимлик дунёси муҳофазасини кучайтириш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Айдар-Арнасой кўллар тизимида ҳайвонот ва ўсимлик дунёсидан фойдаланиш ҳамда жамоат тартибини сақлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Вазирлар Маҳкамасининг “Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларига маблағлар ажратишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2010 йил 2 апрелдаги қарорига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги мамлакатимиз ҳукуматининг 2025 йил 29 январдаги қарорига асосан броконьерликка қарши қатъий чора-тадбирлар белгиланиб,бу борада амалий ишлар олиб борилаётганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

Тўкин дастурхон атрофида давом этган тадбирнинг бадиий қисмида мазкур цехнинг ишга тушишига муносиб ҳисса қўшган ҳамда Айдар-Арнасой кўллар тизимида броконьерликнинг олдини олишда фаол қатнашган бир гуруҳ ходим, ишчи-хизматчилар ташаккурнома ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Республика пойтахтидан келган эл суйган санъаткорлар, хонандалар, маҳаллий ижрочи ёшлар ҳамда таниқли сўз усталарининг чиқишлари тадбир иштирокчиларига аъло кайфият улашди.

А. Қаюмов, ЎзА мухбири