Ахсикент эрамиздан аввалги III асрда ташкил топган бўлиб, IX-X асрларда Фарғона водийсининг пойтахти, Буюк ипак йўлининг асосий шаҳарларидан бири бўлган. Тарихий манбаларда, хусусан, буюк мутафаккир, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур қаламига мансуб “Бобурнома” асарида бу кентнинг алоҳида аҳамияти ҳақида кўп ёзилган.
Президентимиз 2019 йил 28 февралда Наманган вилоятига ташрифи чоғида Ахсикент археологик ёдгорлигида бўлиб, мазкур мажмуа бутун Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятини оширишда муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлади. Ахсикент мажмуаси бош режаси, тадқиқот олиб борилаётган объектлар, ҳудудда барпо этиладиган туристик мажмуа лойиҳаси билан яқиндан танишиб, қимматли тавсиялар берди.


Хусусан, мамлакатимиз раҳбари Ахсикент тарихини илмий асосланган ҳолда чуқур ўрганиш, аждодларимизнинг асл ўтмиши ҳақида маълумотларни тўплаш ва ёш авлодга сингдириш бўйича тизимли ишларни олиб бориш кераклигини алоҳида қайд этиб: “Ахсикент – буюк тарихимиз кўзгуси. Боболаримиз яшаган, қаҳрамонлик кўрсатган бу манзилда тарихимизни тиклаш учун жуда катта манба, ўтмиш далиллари бор. Биз шу пайтгача фақат машҳур шаҳарларимиз тарихини ўргандик, бундай жойларга эътибор қилмадик. Маънавиятимизни юксалтирмоқчи бўлсак, ёшларимизни ота-боболаримизнинг асл меросидан баҳраманд этиб улғайтиришимиз, халқимизга етказишимиз керак” деди.


Ҳақиқатан ҳам, тарихий манбаларда, хусусан, “Бобурнома”да Ахсикент ҳақида кўп ёзилган. Ер ости сув иншооти бўлгани боис шаҳар мудофаа учун қулай саналиши, у арк, ички ва ташқи шаҳардан иборат бўлгани айтилган. Қадимдан шаҳарда шишасозлик, кулолчилик, темирчилик, қуролсозлик каби ҳунармандлик турлари ривожланган, неча бор босқинчилар томонидан буткул вайрон қилинган бўлса-да, доим қайта тикланган, шаҳарда ҳаёт давом этган. Бироқ 1620 йилларда содир бўлган кучли зилзила оқибатида Ахсикент бутунлай мозий қаъридан ўрин олган.
Бугунга келиб бир пайтлар улкан шаҳар, пойтахт ҳисобланган Ахсикент харобаларининг олтмиш гектарига яқини сақланиб қолган бўлиб, у Фарғона водийсидаги энг катта археологик ёдгорлик саналади. Уч минг йиллик тарихга эга мазкур масканнинг янгидан дунёга юз тутишида давлатимиз раҳбари томонидан берилаётган алоҳида эътибор муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ҳозир қадим тамаддун ўчоғининг Х-ХII асрларда фаолият юритган ер ости сув иншоотларининг кузатув пункти, биринчи шаҳристоннинг ХIII аср бошларига оид Хоразмшоҳлар даврида қурилган мудофаа девори ва тураржой қолдиқлари, ХI-ХII асрларда пишиқ ғиштдан қурилган гумбазли тагхона ва маҳобатли тураржой қолдиқлари, Фарғона водийсида илк бор топилган Қорахонийлар даври деворий расм намуналари мавжуд.


Наманган вилоят тарихи ва маданият давлат музейи маълумотларига кўра, IX-XII асрнинг бошларида Фарғона – Ахсикент шаҳрининг устаси фаранг ҳунармандлари қаттиқ ва юмшоқ пўлатлар ишлаб чиқариш сирларини билишган. Улар тайёрлаган қиличлар Шарқда Хитой ва Жануби-ғарбда халифалик маркази Дамашқ бозорларида сотилган. Ўрта асрларда бутун Европага “Дамашқ қиличлари” номи билан машҳур бўлган қуролларнинг маълум бир қисми Ахсикентда тайёрланган.
Ёдгорликда кейинги йилларда қатор тадқиқотлар олиб борилиб, бешта янги объект “Очиқ осмон остидаги музей” учун тайёрланди ва фундаментал тадқиқотлар доирасида муҳим кашфиётлар қилинди. Хусусан, биринчи шаҳристон худудидаги XI ва XVIII объектларда Қорахонийлар даврига оид бой-бадавлат оилаларга тегишли моҳобатли тураржой қолдиқлари очилди. Ушбу объектларда Фарғона водийсида биринчи бўлиб XI-XII асрларга мансуб деворий расмлар топилди. Шарқий работ худудидаги XXIV объектда Қорахонийлар даврига оид пишиқ ғиштдан қурилган маҳобатли тураржой қолдиқлари топиб, ўрганилди. Ҳатто бинонинг тагхоналари ҳам майда пишиқ ғиштлар ёрдамида геометрик шакллар билан безалган.
– Аҳоли тураржойларида ошхона, ювиниш хонаси, иситиш сандаллари, супалари ва махсус хўжалик ўралари мавжуд бўлган. Аҳоли зич яшагани учун шаҳарда икки қаватли уйлар қурилган. Уйларнинг ертўла қисми асосан пишиқ ғиштдан қурилган ва озиқ-овқат омборлари вазифасини ўтаган. Шунингдек, алоҳида ер ости иншоотлари ҳам қурилган, – дейди археолог олим Шукрулло Насриддинов.


– Аҳоли тураржойлари қолдиқларидан деворий сурат намуналари ва ўйма ганчли нақшлар ҳам топилган. Демак XI-XII асрларда Ахсикент аҳоли тураржойлари деворий суратлар билан безатилган. Шунингдек, топилган ўнга яқин сирли сопол идишларда ёзувлар борлиги аниқланди. Улар нақшга ўхшатиб ёзилган ҳикматли сўзлар бўлиб, “Фикр айтишга шошилма”, “Бахт бойликда эмас”, “Меҳнат инсонни улуғлайди” каби иборалар ифодаланган.
Х-ХII асрларда фаолият кўрсатган ер ости сув иншооти шохобчаси қолдиқлари, эрамиздан аввалги III-I асрларда қурилган маҳобатли мудофаа деворлари ва ер ости сув йўли, ХI-ХII асрларга оид маҳобатли тураржой қолдиқлари аниқланган ва қазув объектларининг устини ёпиш ва очиқ осмон музейига айлантириш ишлари қизғин давом этмоқда.
Ахсикент ва Ахсини дарё ёқалаб боғловчи тўрт километрлик масофада тарих ва табиат уйғунлигида туризм йўли барпо этиш ҳам ўрин олган бўлиб, айни пайтда Туркиянинг “Evre-Geka” лойиҳачи ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган бош режа асосида қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Бош меъмор Гурай Каймак лойиҳаси асосида ёдгорлик ҳудудида тўртта очиқ осмон музейи қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Мажмуанинг биринчи секторида барпо этиладиган амфитеатр, археология музейи, конференц зал лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилмоқда. Ахсикент тез орада дунё миқёсидаги катта тадбирларни қабул қиладиган манзилга айланади. Жорий йилда мазкур янги мажмуада “Шарқ тароналари” халқаро мусиқий фестивали ўтказилиши режалаштирилган.
Эътироф этиш жоиз, Президентимиз топшириғига асосан Ахсикент тарихий ёдгорлигини асраб-авайлаш ва тадқиқ этиш, унинг ҳаққоний тарихини яратиш мақсадида ташкил этилган “Ахсикент” археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш дирекцияси” давлат унитар корхонаси томонидан юртимиз ва хориждаги сайёҳлик кўргазмаларида қадимий Ахсикентга оид тақдимотлар ўтказилмоқда.
Бунинг самарасида маҳаллий ва хорижий сайёҳлар ўртасида тарихий ёдгорликка қизиқиш ортмоқда. Ҳозирга қадар Бельгия, Туркия, АҚШ, Австрия, Япония, Жанубий Корея, Россия, Эрон, Покистон, Ҳиндистон каби ўнлаб давлатлардан минглаб сайёҳлар ташриф буюрди.
– Ахсикентнинг ҳали тарих учун очилмаган қирралари бисёр. Қадим тарих ер остида кўмилиб ётибди. Бу ёдгорлик вилоятимизда туризм имкониятини юксалтириш борасида алоҳида ўринга эга, – дейди Ахсикент археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш дирекцияси директори Анвар Икромов. –Наманган вилояти ҳокими мунтазам равишда жараён кетаётган барча объектларни кўздан кечириб, меъмор ва қурилиш масъулларига тегишли тавсия ва топшириқлар бермоқда. Ҳар бир объект бир-бирига узвий уйғунликда барпо этилиши лозимлиги, ана шу йўлакларни қуришда ҳам тарихийлик акс этишии кераклиги уқтирилмоқда. Экспонатлар учун музей ва алоҳида сақлаш хоналари қурилиши лозимлиги эътибордан четда қолмайди.
Қолаверса, Ахсикент археологик мажмуаси муҳофаза ҳудуди ҳамда амфитеатр, музей, антик бозор ва карвонсарой қуриладиган ҳудудда бузилишга тушган хонадонларда ишлар ҳам якунланмоқда.

Дарҳақиқат, Ахсикентнинг буюк тарихи қурилажак иншоот ва инфратузилма объектларида акс этиши, мажмуага ташриф буюрган ҳар бир киши ўзини узоқ ўтмишда юргандек ҳис этиши керак. Сўнги йилларда Ахсикентдаги илмий-археологик ишлар кўлами дунё миқёсига чиқди ва бунда Ўзбекистон Фанлар академияси Миллий археология маркази бўлим бошлиғи, профессор Абдулҳамид Анорбоевнинг улкан ҳиссаси бор. Унинг муаллифлиги остида вилоят ҳокимлиги томонидан учта тилда “Ахсикент археология парки” китоб-альбоми нашр қилиниб, юртимиздан ташқари Ҳиндистон, Германия ва Тожикистон давлатларида тақдимотлари ўтказилди. Қолаверса, мана шундай олимларнинг меҳнати билан Янги Ахси мажмуасининг ўзида икки мингдан ортиқ нодир қўлёзма тўпланди ва сақланмоқда.
– Бу қадим манзилдаги музей, илмий марказ, ҳунармандчилик устахоналари, кутубхона, зиёратгоҳ ва ҳонақоҳни ўз ичига олган йирик мажмуа Ахсикент ёдгорлиги билан яхлит уйғунликда гавжум туризм масканига айланади, – дейди Ахси саййидлари мажмуаси раҳбари Билолхон домла Рустамов. – Бу ёдгорлик мажмуасини илм, пухта ёндашув билан барпо этиш бўйича Президентимизнинг алоҳида тавсиялари бор. Мазкур археологик объект усти ёғоч конструкция асосида, юқори чидамли материал билан ёпилади. Енгил конструкцияли экспонатлар музейи ва ёдгорликни юқори қисми билан уловчи тарихийликни ўзида акс этувчи сўқмоқ йўл лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, ўз вақтида нафақат Марказий Осиё, балки бутун минтақанинг энг йирик пойтахт-шаҳарлардан саналган Ахсикент ёдгорлигида тарихчи ва археолог олимлар томонидан олиб борилаётган кенг кўламли тадқиқотлар, ёпиқ осмон остидаги музейни барпо этиш ишлари юртимиз тарихи ҳақида янада кўпроқ маълумотлар бериш асносида, вилоят ҳудудида янги туристик маршрутни яратиш, энг асосийси, миллатнинг бой тарихи ёритилишига қўшилган муҳим ҳисса бўлиб хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири