Наманган вилояти делегацияси Бирлашган Араб Амирликларига қилган сафари мобайнида Абу-Дабидаги “TeamLab Phenomena” футуристик музейи раҳбарияти билан учрашди.
Санъат, табиат ва технология уйғунлашган ушбу масканнинг қурилиши 2021 йил бошланган. Шу йил жамоатчилик учун ўз эшикларини очган даргоҳ қисқа вақтда дунё сайёҳларининг севимли маконига айланди. Ахсикент археология парки раҳбари Анвар Икром музей бош директори Муҳаммад Аз-Заъбий билан мулоқотда бу галги ташриф делегация учун бой тажриба тўплаш имкони эканини таъкидлади.

Япония бадиий жамоаси томонидан яратилган бундай музейлар дунёнинг етти мамлакатида, жумладан Токио, Жидда, Пекин, Осака шаҳарлари, шунингдек Макао ва Сингапурда ҳам фаолият юритмоқда. Аз-Заъбийнинг “келажакда худди шундай мажмуа Ўзбекистонда, айнан Наманганда очилиши мумкин”, деган эътирофи вакилларимизга ҳам жуда маъқул келди.


– Музейга ташриф – атрофимиздаги дунёга чуқур экспедиция, – дейди музей раҳбари. – Бу маскан воқеа-ҳодисаларнинг атроф-муҳит билан ўзаро таъсирини ўрганади, олам ҳақидаги тасаввуримизни ўзгартирадиган санъат асарларини тақдим этади.
М.Пирматова, ЎзА