Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ахсида нодир китоблар топилди
17:35 / 2024-04-15

ФОТОРЕПОРТАЖ

Наманганнинг машҳур қадимий манзили - Ахсида навбатдаги нодир китоблар топилди. Улар орасида Хислатнинг Мулла Тўйчи ҳофизга атаб тузган «Армуғоний Хислат» девони тилла ёзувли нусхаси, Қорийнинг «Девон»и мавжуд.  

Элликка яқин топилмалар орасида энг ноёби, IX асрга тегишли экани айтилаётган қўлёзма ҳандаса, риёзиёт, илми нужум ва бошқа кўплаб фанларга оид бўлиб, унда Бағдоддаги машҳур Байтул Ҳикма асосчиси Халифа Маъмун топшириғи билан Абу Наср Балхий томонидан тузилган астрономик жадваллар акс этган.  

- Туркий халқлар фахри, файласуф шоир, мутафаккир Хўжа Аҳмад Яссавий, Бобораҳим Машраб, Сўфи Оллоёр, Мажзуби Намангонийларнинг издоши бўлган Мулла Мирмаҳмуд Миршамсиддин ўғли Қорий (1828-1906) мукаммал ҳуснихат эгаси — хаттот ҳам бўлган. Қорийнинг ўзи кўчирган «Девон»и, Мажзуб Намангонийнинг «Девон»и, Баҳоуддин Нақшбанднинг рисоласи, Муқимий билан ҳамкорликда кўчирган катта баёзи ва яна бир неча асарлар бизгача етиб келган, - дейди Ахсикент археология парки директори Анвар Икром. - Ахсидан топилган «Девон»дан ғазал, мухаммас, мувашшаҳ ва таърих жанридаги шеърлар ўрин олган. Ғазаллари ошиқона ва орифона мазмунда бўлиб, соф лирик характерга эга.

Аҳамиятлиси, Ҳайбатуллахўжа Орифхўжа ўғли Хислат (1880-1945)нинг ҳам 100 дан зиёд лирик шеърлари топилди. «Армуғоний Хислат» девондаги барча ғазаллар Мулла Тўйчи ҳофиз Тошмуҳаммедов (1868-1943) томонидан ижро этилган.

[gallery-16931]

Топилмалар орасида 1870-1905 йиллар оралиғида Тошкент ва Самарқандда тошбосма услубда чоп этилган, нозик безакларга эга катта ўлчам (33х21см, 38,5х27см)даги «Тарих китоби», «Сияри Шариф», Аҳмад Яссавийнинг «Ҳикматлар»и, «Фарҳод ва Ширин қиссаси», «Салоти Масъудий», «Далойили Ҳайрот» китоблари бор.

Янги Ахсида TourismLab маркази ва Туризм қўмитаси томонидан амалга оширилаётган manuscript.uz лойиҳаси нодир китобларни тўплаш, сақлаш ва татқиқ этишни кўзда тутади.  

Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА