“Axios” нашри АҚШ ва Россия ўртасида Украина билан можарони ҳал этишга қаратилган махфий музокара олиб борилаётганини маълум қилди. Тегишли манбаларга кўра, томонлар 28 банддан иборат янги ташаббусни муҳокама қилмоқда.
Ҳужжат Украинада тинчликка эришиш, хавфсизлик кафолати, Европада умумий муҳит ҳамда Вашингтоннинг Москва ва Киев билан келгуси муносабатлари каби тўрт асосий йўналишни қамраб олади.
Маълум қилинишича, ушбу масала бўйича барча ишларни Президент Дональд Трамп маъмуриятининг махсус вакили Стивен Уиткофф мувофиқлаштирмоқда. У ҳужжат юзасидан РФ Президентининг махсус вакили Кирилл Дмитриев билан бир неча марта учрашгани ҳам қайд этилган.
Шунингдек, Дмитриев 24-26 октябрь кунлари Уиткофф ва Трамп маъмуриятининг бошқа вакиллари билан мулоқот қилганини тасдиқлаган.
– Уиткофф билан самарали уч кунлик учрашувда тинчлик, савдо ва иқтисодий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди, – деб ёзган сиёсатчи ижтимоий тармоқдаги саҳифасида. – Яқин кунларда ижобий силжиш кутиляпти.
Шу билан бирга кеча Дмитриев АҚШ ва Россия ўртасида Украина билан навбатдаги маҳкумлар алмашинуви имконияти ҳам кўтарилганини билдирган.
Хабарлар Россия ва Украина ўртасидаги ҳудудий масала муҳокама қилинганига оид маълумот мавжуд эмаслигидан дарак беради.
Д.Ҳакимов, ЎзА