English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекциясининг асосий вазифалари тасдиқланди
12:46 / 2025-12-16

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ахборот ва рақамли технологиялар соҳаларида давлат назорати тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари  тўғрисида” қарор қабул қилди.

Мазкур қарорнинг асосий мақсади – ахборотлаштириш, телекоммуникациялар ва ахборот соҳаларида қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини мониторинг қилишда давлат бошқарувини такомиллаштириш ҳамда фуқаролар, айниқса, ёшларни нохолис, ишончсиз ва тақиқланган ахборотлардан ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш ҳисобланади. 

Қарорга мувофиқ, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси қуйидаги соҳаларда махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланди: 

а) ахборотлаштириш, телекоммуникациялар, почта алоқаси, рақамли технологиялар соҳаларида давлат назоратини амалга ошириш, жумладан, сунъий интеллект соҳаларида, ахборот тизими ва ресурслари, маълумотлар базалари, рақамли хизматлар, дастурий таъминот фаолиятини мониторинг ва назорат қилиш; 

б) оммавий ахборот воситаларини рўйхатга олиш ҳамда улар томонидан қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилинишини мониторинг ва назорат қилиш; 

в) ноширлик ва матбаа фаолияти субъектлари томонидан қонунчилик ҳужжатлари ҳамда техник стандартлар талабларига риоя қилинишини мониторинг ва назорат қилиш, шунингдек, улар фаолиятини бошлаганлик (тугатганлик) тўғрисида хабардор қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш; 

г) болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш, шунингдек, тақиқланган ахборот, жумладан, онлайн платформаларда тарқатилишини чеклаш. 

Қарор билан Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекциясининг асосий вазифалари тасдиқланди. 

Инспекциянинг ўз ваколати доирасида қабул қилган қарорлари давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади. 

Инспекция 2027 йил 1 январга қадар, жумладан, қуйидаги имкониятларга эга "Рақамли назорат" платформасини ишга туширади: 

а) аҳоли истиқомат қилаётган, жумладан, олис ва чекка ҳудудлардаги рақамли технологиялар ва телекоммуникациялар соҳаларида кўрсатилаётган хизматлар ҳамда алоқа сифат кўрсаткичларини мониторинг қилиш; 

б) ахборот тизимлари, ресурслари, дастурий маҳсулотлар ва маълумотлар базаларида юзага келган узилиш ёки тўхталиш ҳолати бўйича тегишли чоралар кўриш; 

в) давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилган ахборот тизимларининг самарадорлиги, мақсадлилиги ва жорий этиш даражасини баҳолаш; 

г) жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар тезкор кўриб чиқилишини ташкил этиш.

ЎзА