Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ахборотлаштириш соҳасида халқаро ҳамкорлик
15:10 / 2022-10-25

Самарқандда ўтказилаётган ICTWEEK UZBEKISTAN – ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида Алоқа соҳасида минтақавий ҳамдўстлик (АСМҲ) алоқа маъмурияти раҳбарлари кенгашининг ва АСМҲ ҳузуридаги ахборотлаштириш бўйича МДҲга аъзо давлатлар мувофиқлаштирувчи кенгашининг 58/28-қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Қўшма мажлис очилишида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов, МДҲ ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Илҳом Неъматов, МДҲ Парламентлараро ассамблеяси Бош котиби Дмитрий Кобицкий ва бошқалар бугунги кунда алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида давлатлараро ҳамкорлик ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этаётганини таъкидлади. Бу дунё давлатларининг барқарор тараққиёти, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, турли глобал хавф-хатарларга қарши курашишда муҳим омил бўлаётгани қайд этилди.

– МДҲ Парламентлараро ассамблеяси йигирма йилдан буён алоқа соҳасида минтақавий ҳамдўстлик (АСМҲ) алоқа маъмурияти раҳбарлари кенгаши ва АСМҲ ҳузуридаги ахборотлаштириш бўйича МДҲга аъзо давлатлар мувофиқлаштирувчи кенгаши билан йигирма йилдан буён ҳамкорлик қилиб келади, – деди Дмитрий Кобицкий. – Ушбу ҳамкорлик натижасида 2004 йилда экспертлар кенгаши фаолияти йўлга қўйилган. Биргаликда саъй-ҳаракатларимиз МДҲ мамлакатлари ўртасида алоқа, ахборот технологиялари, оммавий ахборот воситалари соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган. Ўтган вақт мобайнида ахборотлаштириш, ахборотни ҳимоя қилиш, рақамли ҳукумат, электрон савдо, таълим, кибержиноятчиликка қарши курашиш соҳалари бўйича 40 га яқин ҳужжат қабул қилинди ва улар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Кенгашнинг Самарқандда ўтказилаётган қўшма мажлисида муҳокама этиладиган масалалар ташкилотларимиз ўртасида келгусидаги алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилишига ишонамиз.

[gallery-9269]

Қўшма мажлисда АСМҲ иштирокчи мамлакатларида рақамли ривожланиш соҳасидаги истиқболли йўналишлар, алоқа тармоқларида фирибгарликка қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, МДҲга аъзо давлатларнинг 2025 йилгача бўлган даврда ахборот жамиятини қуриш ва ривожлантириш бўйича ҳамкорлик стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар режаси, 2030 йилгача бўлган даврдаги ахборот хавфсизлиги стратегиясини амалга ошириш бўйича ҳаракатлар режаси ҳамда Кенгашлар ташкилий тузилмаси ва бошқа масалалар муҳокама этилди.

 

Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА