Сирдарё вилоятида оммавий ахборот воситалари ва ахборот хизматлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг моддий-техник базасини модернизация қилиш ҳамда аҳолини ишончли ва аниқ ахборот билан таъминлашга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Мазкур йўналишда ишлаб чиқилган махсус стратегия доирасида вилоятдаги барча туман ва шаҳар ҳокимликларининг ахборот хизматларига хизмат автомашиналари тақдим этилди. Бу эса, ахборот хизматларининг ҳаракатчанлиги, жойлардаги воқеа-ҳодисаларга тезкор муносабат билдириш қобилияти ва самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда эса Сирдарё вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ахборот хизматлари марказлаштирилган ҳолда замонавий техник воситалар билан таъминланди. Ушбу жиҳозлар орасида юқори сифатли фото ва видеокамералар, ноутбуклар, моноблоклар, мультимедиа воситалари ва бошқа ахборот-коммуникация технологиялари жамланмаси мавжуд.

Янги техник воситалардан самарали фойдаланиш, ахборот хизматлари ходимларининг касбий малакасини ошириш мақсадида ҳокимлик биносида махсус қисқа муддатли ўқув-семинар ташкил этилди. Унда матбуот котибларига замонавий ахборот муҳитида самарали ишлаш, техник воситалардан тўғри ва мақсадли фойдаланиш, жамоатчилик билан мулоқотни кучайтириш каби масалалар юзасидан амалий кўникмалар берилди.
Ғулом Примов, Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат),
ЎзА мухбирлари