“Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти ҳудудий корхоналари ахборот хизматлари ходимлари учун малака ошириш курсларини ташкил этди. Ўқувлар очиқлик, шаффофлик ва замонавий коммуникация усуллари асосида фаолият олиб бораётган ташкилотлардаги ахборот хизматларини такомиллаштиришга қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган ушбу ўқувлар Президент Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази билан ҳамкорликда биринчи марта ўтказилди.
Тадбир давомида иштирокчиларга медиасоҳадаги сўнгги тенденциялар, амалий кўникмалар ва назарий билимлар етказилди. Таҳлил қилинган мавзулар қаторида фактчек, оммавий нутқ маданияти, ташкилот имижини шакллантириш, блогерлар ҳамда жамоатчилик билан самарали ҳамкорлик, шунингдек, очиқ маълумотлар билан ишлаш кўникмалари киритилган.
– Ўқув машғулотлари интерактив тарзда, амалий топшириқлар билан бойитилган ҳолда ўтказилди, – дейди “Ўзсувтаъминот”АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов. – Ҳар бир иштирокчи ўз билим ва кўникмаларини амалда синаб кўриш имкониятига эга бўлди. Тажрибали спикер ва мутахассислар томонидан “Соҳада контент яратишда замонавий тенденциялар”, “Ўзбекистон медиаландшафти: трендлар, имкониятлар ва истиқболлар”, “Ахборот хизмати фаолиятида блогерлар ва жамоатчилик вакиллари ўрни ва таъсири” каби мавзуларда интерактив дарслар бўлиб ўтди.

Курс якунлангач, барча қатнашувчиларга сертификатлар топширилди. Шунингдек, фаол иштироки ва намунавий ишлари билан ажралиб турган ахборот хизматлари раҳбарларига “Ўзсувтаъминот”АЖ бошқарув раиси томонидан эсдалик совғалари тақдим этилди.
Тадбир сўнггида иштирокчилар ўз таассуротлари билан ўртоқлашди, бундай амалий машғулотлар соҳадаги фаолиятга янги илҳом ва рағбат бағишлаши қайд этилди.
Нилуфар Бозорова, ЎзА