Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ахборот хизматлари раҳбарлари учун Миллий конференция ва Медиа-форум ташкил этилди
16:25 / 2024-07-26

Жорий йилнинг 26-27 июль кунлари Бўстонлиқ туманида давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар ахборот хизматлари раҳбарлари учун ташкил этилган навбатдаги IV «Ахборот хизматлари фаолияти: очиқлик, тезкорлик ва холислик бош мезон» мавзусидаги Миллий конференция ва унинг доирасида Медиа-форум ўз ишини бошлади.

Миллий конференция очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов, АОКА директори Асаджон Ходжаев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Маҳмуджон Парпиев, «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ бошқарув раиси – Бош директор Абдулла Хурсанов иштирок этди.

Тадбирни расман очиб берган Шерзод Асадов матбуот котибларининг глобаллашув, жадал ислоҳотлар ҳамда истиқболли ривожланиш даврида масъулиятлари, вазифалари, функционал жиҳатлари ҳақида тўхталиб ўтди.                                                                                        

– Ахборот хизмати раҳбари ўз соҳасида потенциал билим ва тажрибага эга бўлиши, фаолиятини сифатли, шаффоф, очиқ, тезкор йўлга қўйиши орқали давлат томонидан амалга оширилаётган ишларни халқчиллик билан етказишда кўприк бўлиши лозим, – деди Ш.Асадов.

Конференцияда сўзга чиққан АОКА директори А.Ходжаев матбуот котибларининг ишида интеграциялаш шарт бўлган замонавий, инновацион технологик янгиланишлар, медиа ислоҳотларни турли кейслар мисолида изоҳлаб берди.  

– Айрим ҳолларда давлат органлари ва ташкилотларининг матбуот котиблари фаолиятида ахборот муҳити талабларини инобатга олмаслик ва нопрофессионаллик кузатилаётгани, раҳбар шахслар номақбул вазиятда кўрсатилгани, матбуот котиблари медиа соҳаси вакиллари билан самарали ҳамкорлик қилмаётгани ҳақидаги материаллар интернет фойдаланувчилари эътирозига сабаб бўлмоқда, – деди А.Ходжаев.

Шунингдек, фейк ва дезинформацияларга қарши кураш, сунъий интеллект ёрдамида тарқатилаётган дипфейклар кўлами тобора ортиб бораётгани Интернет фойдаланувчилари, шу жумладан аҳоли ўртасида чалғитиш ҳолатларини юзага келтираётгани, бундай вазиятларда матбуот котиби далиллар тақдим этиш орқали инфооқим ўзанини тўғрилаши мумкинлигини таъкидлади.

Конференцияда сўзга чиққан Маҳмуджон Парпиев сўз эркинлиги таъминланишида қонунчиликка риоя қилиш мезонлари тўғрисида тўхталди.

Миллий конференция доирасида панель сессиялар бўлиб ўтмоқда.

Н.Усмонова, ЎзА