Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ахборот хизматлари фаолиятида замонавий ёндашувлар: эҳтиёжми ёки зарурат?
11:37 / 2025-04-17

Куни кеча Энергетика вазирлиги ҳамда соҳадаги қатор ташкилотлар ахборот хизматлари ходимлари учун ўқув-тренинг ташкил этилди. Унда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги мутахассислари иштирок этиб, соҳадаги замонавий тенденциялар, рақамли воситалар ҳамда коммуникация соҳасидаги илғор ёндашувлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Тренингда таъкидланганидек, ахборот хизмати фақат маълумот тарқатиш билан чекланиб қолмаслиги лозим. У ташкилот ва жамоатчилик ўртасида очиқ, ишончли ва барқарор мулоқотни таъминлаши, шу орқали ташкилотнинг ижобий имижини шакллантириши зарур. Шунингдек, жамоатчилик фикрини кузатиш ва таҳлил қилиш, ундан тегишли хулосалар чиқариш ҳам ахборот хизматининг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.

Тадбирда ахборот хизматлари фаолиятида тезкорлик, шаффофлик ва ижодкорлик муҳим омиллар сифатида алоҳида қайд этилди. Малака ошириш, ҳамкорликка очиқлик ва доимий ўзгаришларга тайёр туриш каби талаблар эса бугунги замон ахборот хизмати ходимининг ажралмас хусусиятига айланмоқда.

– Бугунги тренинг биз учун жуда фойдали бўлди. Ахборот хизмати маълумот тарқатувчи эмас, балки ташкилот стратегиясини амалга оширувчи муҳим коммуникация органидир. Визуал контент яратиш ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш бўйича берилган тавсиялар келгусидаги иш фаолиятимизга ижобий таъсир кўрсатади, – деди “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ахборот хизмати раҳбари Равшан Бойқулов.

Энергетика вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев ҳам тренинг доирасида берилган билимлар амалиётга йўналтирилгани билан алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

– Мазкур тренингнинг асосий мақсади ахборот хизматлари фаолиятидаги мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш, самарали мулоқот механизмларини йўлга қўйиш, янги технология ва медиа воситаларини жорий этиш, шунингдек, сунъий интеллектдан фойдаланиш кўникмаларини шакллантиришдан иборат. Мутахассислар мавзу юзасидан атрофлича маълумот берди. Ўйлайманки, тадбир иштирокчилар учун ҳар жиҳатдан самарали ва фойдали бўлди, – деди у.

Тренинг давомида иштирокчилар ўзаро тажриба алмашиш, соҳадаги мутахассислар билан мулоқот қилиш ва долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш имконига эга бўлди. Бундай тадбирлар ахборот хизматлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш, билим ва кўникмаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА