French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ахборот хизматлари фаолияти: очиқлик, тезкорлик ва холислик бош мезон
18:11 / 2025-07-01

Тошкент вилоятининг “Олмос” дам олиш масканида давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда ҳокимликлар ахборот хизматлари, ҳудудий бошқармалар раҳбарлари учун анъанавий “Ахборот хизматлари фаолияти: очиқлик, тезкорлик ва холислик бош мезон” V миллий конференциясининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

АОКА директори Асаджон Хўжаев мамлакатимизда ҳар бир вазирлик ва идоралар, ташкилот ва тузилмаларда ахборот хизматлари фаолиятининг кенг йўлга қўйилгани фуқаролар, айниқса оммавий ахборот воситаларининг эркин ахборот олишида муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади. 

– Бугунги кунда — геосиёсий зиддиятлар, гибрид урушлар ва ахборот орқали таъсир ўтказиш замонида ахборот хизматлари фақат маълумот тарқатувчи эмас, балки ахборот фронтидаги асосий кучдир, десам муболаға бўлмайди, – деди АОКА директори Асаджон Хўжаев. – Сунъий интеллект, дипфейклар, фишинг ва фейк хабарлар, дезинформация — буларнинг барчаси ҳар куни фаолиятимизни янада мураккаблаштирмоқда. Шунинг учун ахборот хизматлари фақат жавоб берувчи эмас, балки олдини олувчи, “ақлли” хавфлар таҳлилчиси сифатида проактив шаклда фаолият олиб бориши ниҳоятда зарур.

Миллий конференцияда сўзга чиққан Миллий Масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Акрамжон Фозилов, “Янги медиа таълим маркази” ННТ директори Беруний Алимов бугунги кунда ахборот хизматлари фаолиятини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар, кенг кўламли тадбирлар самарасида сезиларли ижобий ўзгаришлар, матбуот котибларининг профессионал ва салоҳиятли ўсишлари кузатилаётганини таъкидлади. 

Миллий конференция очилиш маросимида “Энг яхши ахборот хизмати” танлови ҳамда “АОКА спартакиадаси” мусобақалари ғолиблари ҳам тақдирланди.

Шуни ҳам айтиш керакки, танловнинг биринчи босқичида Агентлик ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари томонидан давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда ҳокимликлар ахборот хизматлари раҳбарининг иш фаолияти самарадорлиги баҳоланди. Унга кўра 80 ва ундан юқори балл олган 136 та ташкилотнинг ахборот хизмати танловда иштирок этиш истагини билдириб, иккинчи босқичга ўтди.

Иккинчи босқичда жамоатчилик фикрини ўрганиш, одамларнинг давлат органларига ишончи ва муносабатини билиш мақсадида ижтимоий сўров ташкил қилинди. Сўров натижаларига кўра, энг кўп овоз олган 20 та ташкилотнинг ахборот хизматлари учинчи босқичга йўлланмани қўлга киритди.

“Ахборот хизматлари фаолияти: очиқлик, тезкорлик ва холислик бош мезон” мавзусида V миллий конференциянинг панель сессиялари ҳам жуда жонли ва қизиқарли тарзда ўтди. 

Сессиянинг биринчи қисмида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги матбуот котиби Севара Зокирова ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лола Раҳмонбоева "Ахборот хизматида ички коммуникацияни институционаллаштириш: корпоратив моделлар ва самарали алоқа усуллари" бўйича тақдимот ўтказишди.

Туризм қўмитаси матбуот котиби Муниса Асилхўжаева ҳамда Миллий статистика қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Усмон Абдурасулов хорижий оммавий ахборот воситаларида ташкилот фаолиятини ёритишда халқаро медиа тажрибалар билан ўртоқлашди. Унда хорижий ОАВ билан муносабатлар стратегиялари ва трансчегаравий ахборот сиёсати, халқаро ОАВда материал берилиши учун умумий талаб ва стандартлар борасида маълумотлар беришди.

Панель сессия йиғилиши соҳадаги муҳим ва долзарб мавзуларда давом этди. 

Н.Усмонова, ЎзА