Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ахборот хавфсизлиги соҳасида рақамлаштириш муаммолари ва истиқболлари
21:20 / 2022-05-20

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида «Ахборот хавфсизлиги соҳасида рақамлаштириш муаммолари ва истиқболлари» мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.

Мазкур анжуман «Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари» кафедраси томондан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва «Рақамли Ўзбекистон-2030» дастурини амалга ошириш борасида белгиланган вазифаларга мувофиқ ташкил этилди.

Анжуман «Диний-маърифий соҳани рақамлаштиришнинг назарий муаммолари», «Ахборот хавфсизлигини таъминлашда сунъий интеллект технологияларининг ўрни», «Кибермаконда ахборот хавфсизлигини таъминлаш муаммолари» ҳамда «Соҳада замонавий инновацион ва педагогик технологияларни қўлланилиши» каби йўналишлар асосида ўз ишини олиб борди.

Онлайн ҳамда офлайн форматда ташкил этилган тадбирда Россия Федерацияси ҳукумати ҳузуридаги Молия университети Бизнес информатика кафедраси профессори, иқтисодиёт фанлари доктори Ирина Жуковская, «Янги Ўзбекистон» университети Дастурий таъминот муҳандислиги кафедраси профессори Сирожиддин Жўраев, Ўзбекистон Республикаси Марказий банк Хавфсизлик ва ахборотни муҳофаза қилиш департаменти бош эксперти Дилшод Исмоилов, «Киберхавфсизлик» ДУК мутахассиси Аббосбек Маманазаров, юртимиздаги олий таълим муассасаларидаги соҳада фаолият олиб борадиган профессор-ўқитувчилар, олимлар, мутахассислар, илмий тадқиқотчилар ҳамда талабалар иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон халқаро ислом академияси Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Зоҳиджон Исломов мамлакатимизда ахборот хавфсизлигини таъминлаш масаласига устувор аҳамият қаратилаётганини таъкидлади.

Анжуманда «Ахборотнинг замонавий жиҳатлари олий таълим муассасалари фаолиятида хавфсизлик рақамли контекстдаги муассасалар иқтисодий трансформация», «Кибермаконда ахборот хавфсизлигини таъминлашда кибер гигиенанинг ўрни», «Турли хакерлик ҳужумлардан веб-сайт ва веб иловаларнинг хавфсизлигини таъминлаш», «Виртуал 3 D университет ўқув жараёни учун Кўкалдош мадрасасини уч ўлчовли геометрик моделлаштириш» ҳамда «Ахборот хавфсизлигини таъминлашда сунъий интеллект технологияларининг ўрни» каби мавзуларда маърузалар қилинди.

Сўзга чиққанлар юртимизда ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар хусусида батафсил сўз юритдилар. Жумладан, ахборот хавфсизлиги соҳасида олиб борилаётган ишларнинг узвий давоми сифатида 2022 йилнинг 17 апрель куни Ўзбекистон Республикасининг «Киберхавфсизлик тўғрисидаги» қонуни қабул қилинди.

Соҳадаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш, бунинг учун малакали, ёш кадрларни тайёрлашда қандай жиҳатларга аҳамият қаратиш кераклиги таъкидланди. Ахборот хавфсизлиги тўғрисида ўзбек тилида илмий, оммабоп ўқув адабиётлар, қўлланмалар етарли эмаслиги қайд этилди.

Конференция якунида муҳокама этилган масалалар бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди. Бу каби илм анжуманлари соҳа ривожи учун фойдали бўлиши алоҳида қайд этилди.

Н.Усмонова, ЎзА