Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ахборот хавфсизлиги масаласига бағишланган илмий-эксперт форуми
21:19 / 2022-09-06

6 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг ахборот хавфсизлиги бўйича илмий-эксперт форуми бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги ҳамда ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилди.

Гибрид форматда ташкил этилган йиғилишда ШҲТга аъзо давлатларнинг тегишли вазирлик, идоралари, илмий-академик ва таҳлилий доиралари вакилларидан иборат 30 нафардан зиёд етакчи экспертлар иштирок этди.

Анжуман кун тартибидан рақамлаштириш соҳасидаги сўнгги тенденция ва ютуқларни муҳокама қилиш, шунингдек, ШҲТ маконида инсон ҳуқуқи ва унинг устуворлигини таъминлаш шароитида ахборот ва кибер хавфсизлик ортидан юзага келаётган таҳдидларга қарши курашиш бўйича илғор миллий тажрибани тақдим этиш масалалари ўрин олди.

Форумнинг очилиш қисмида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов ШҲТ давлатлари ахборот соҳасидаги замонавий чақириқ ва таҳдидларга қарши курашнинг мувофиқлаштирилган механизмини ишлаб чиқиши кераклигини таъкидлади.

– Мазкур тадбир ахборот соҳасидаги таҳдидларга ҳар томонлама қарши туришнинг қатъий ёндашуви, механизми ва воситаларини излашга қаратилган, – деди Э.Арипов. – Ахборот-коммуникация технологиялари моддий-техник базасини мустаҳкамлайди, ижтимоий-иқтисодий ривожланишни рағбатлантиради. Энг муҳими, одамларга янги билим ва кўникмалар беради.

Дарҳақиқат, бугун ташкилот ахборот хавфсизлиги соҳасида илғор тажрибага эга. Бунга аъзо давлатларнинг ахборот хавфсизлиги масалалари бўйича амалий ҳамкорликка йўналтирилган муҳим ташаббуслари ёрдам беряпти.

[gallery-8675]

Ахборот хавфсизлиги масаласига бағишланган илмий-эксперт форуми 6 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг ахборот хавфсизлиги бўйича илмий-эксперт форуми бўлиб ўтди.

Иштирокчилар шу йил июнда пойтахтимизда бўлиб ўтган гуруҳнинг сўнгги йиғилишида, айниқса, ҳамкорликни фаоллаштириш, ташкилотга аъзо мамлакатларнинг технологик ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш каби ташаббуслар кўтарилганини эслади.

– Бугунги кунда кибержиноятчилик халқаро ҳуқуқнинг энг ёш ва жадал ривожланаётган фаолияти экани маълум. Шу боис бу борадаги ҳамкорликни чуқурлаштириш давлатлараро талаб қилинадиган энг муҳим йўналишлардан бири, – дея фикр билдирди ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси директори Руслан Мирзаев.

Мавжуд таҳдидларга қарши туриш учун нафақат фаол ҳамкорлик, балки хавфсизликни таъминлашга хизмат қиладиган халқаро ҳуқуқий базани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш кераклиги алоҳида таъкидланди.

Қисқа қилиб айтганда, мулоқот мазмуни ахборот хавфсизлиги – шахс, жамият ва давлат ҳаётини таъминлашнинг ажралмас қисми, деган якдил жумла билан эътироф этилди. Қолаверса, бутун дунёда рақамли технологияларни жорий этиш ва онлайн фаоллик жараёнининг барқарор ривожланиши кузатилаётган бир пайтда мазкур форумнинг ташкил этилиши муҳим аҳамият касб этади.

Форумнинг иккинчи қисмида “Ахборотдан фойдаланиш кўламини кенгайтириш – замонавий жамиятни ривожлантиришнинг муҳим омили”, “Ахборий-ғоявий хатарлар ва бундай таҳдидларга қарши самарали жавоб чораларини ишлаб чиқиш”, “АКТ жадал ривожланиши шароитида нозик ахборот инфратизими объектларини ҳимоя қилиш” мавзуларига бағишланган сессия йиғилишлари бўлиб ўтди.

Ахборот тизимини кибер хавфдан ҳимоя қилиш масаласи долзарблигича қолаётгани тўғрисида сўз борар экан, мутахассислар энергетика, саноат, мудофаа соҳалари ва давлат сектори энг кўп ҳужумга учраётган тармоқлар сифатида кўрсатилди.

Шу сабабли мазкур тадбир минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ШҲТга аъзо давлатларнинг ахборот ва кибер макондаги хатарларга қарши курашиш учун самарали платформа бўлади, деган умиддамиз.

Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА мухбири