Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ўқувчиларни IT соҳасига қизиқтириш ҳамда шу йўналишдаги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш мақсадида "Рақамли авлод қизлари-2024" республика танлови бўлиб ўтмоқда.
Замонавий ахборот технологияларига қизиқиб бораётган, бу соҳада ўз иқтидори ва салоҳиятини дадил намоён этаётган қизлар сафи тобора ортиб бормоқда. "Рақамли авлод қизлари-2024" республика танлови бу борада ўқувчи қизларнинг билимларини янада ошириш, уларнинг билим ва салоҳиятини юксалтиришдек мақсадларга қаритилгани билан аҳамиятлидир.
Тадбир жорий йилнинг 29 мартига қадар давом этади. Унда оффлайн тарзда 200 нафарга, онлайн шаклда эса 3000 нафарга яқин қизлар қамраб олинмоқда. Бу йилги тадбирда Digital Art, 3D Modelling, сунъий интеллект, стартап лойиҳалар, график дизайн каби йўналишларда гибрид дарслар ўтказилмоқда.
[gallery-16596]
Шунингдек, бу йил илк бор лойиҳа доирасида "Лидерлар мактаби" йўналиши қўшилган бўлиб, унда мустақил лойиҳалар устида ишлаш ҳамда IТ соҳасида халқаро грантлар ютиш ҳақида маълумот берилмоқда.
Бугун машғулотлардан ташқари хорижий ва маҳаллий спикерлар билан учрашувлар ўтказилди. Хусусан, "Янги Ўзбекистон" университети професссор-ўқитувчиси, мисрлик Ислом Элҳадарй томонидан "Aёлларнинг веб дизайн билан шуғулланиши ҳақида 5 афсона", Тет-а-тет тараққиёт асосчиси Турсуной Усмонова томонидан “Aёл-қизлар учун чет элда ўқиш грантлари ва дастурлари” мавзуларида давра суҳбатлари ташкил этилди.
Республика танлови машғулотларида энг фаол қатнашган қизлар Бирлашган Араб Амирлигига таълим саёҳатини қўлга киритишлари мумкин.
Н.Усмонова,
Рустам Назарматов (сурат),ЎзА