Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимида ахборот технологиялари йўналишига ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 апрелдаги ПФ-106-сон Фармони билан ташкил этилган Термиз шаҳар ихтисослаштирилган мактаби ва Гулистон шаҳар 2-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг филиаллари сифатида қайта ташкил этилади.
Мазкур қарорга кўра:
Тошкент шаҳридаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб ахборот технологиялари йўналиши бўйича таянч мактаб ҳисобланади;
таянч мактаб директори ва филиал ижрочи директори Агентлик директори томонидан тайинланади;
таянч мактабга ва филиалларга раҳбар кадрлар икки босқичли (саралаш ва суҳбат), педагог кадрлар уч боскичли (саралаш, тест синови ва суҳбат) танлов асосида ишга қабул қилинади;
таянч мактабга ва филиалларга бир синфда ўқувчиларнинг энг кўп сони 24 нафардан ошмаслигини ҳисобга олган ҳолда, қабул параметрлари Агентлик томонидан белгиланади;
филиалларга ўқувчилар таянч мактаб учун белгиланган тартиб асосида саралаб олинади;
филиалларда ўқувчилар учун аутсорсинг асосида белгиланган тартибда бепул соғлом овқатлантириш ташкил этилади;
филиалларнинг қурилиш ишлари таянч мактабнинг шароитидан кам бўлмаган ягона ёндашув асосида 2025 йилда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари томонидан Агентлик билан келишилган ҳолда амалга оширилади;
филиаллар замонавий талабларга мувофиқ пластик қопламали (HPL панел) синф столи, пластик қопламали эгри елимланган фанерали синф стуллари билан жиҳозланади.
2025 йил 1 августга қадар таянч мактаб ҳамда филиаллар учун лавозимлар ва штат бирликларининг намунавий штат жадвали тасдиқланади.
Ўқувчиларнинг инновацион ғоялари ва ишланмаларини ривожлантириш, замонавий касбларга ўргатиш учун уларнинг қизиқиши ва қобилиятларини инобатга олган ҳолда зарур шарт-шароитлар яратилади.
Математика, информатика ва ахборот технологиялари, робототехника фанлари қўшимча ўқув дастурлари асосида ўқитилишини таъминланади.
2025 йил 1 августга қадар ахборот технологиялари йўналиши бўйича таълим дастурларини IT бозорида юқори талабга эга касбларга ўқитиш дастурлари ва ўқув қўлланмаларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштирилади.
2025 йил 1 сентябрга қадар филиал сифатида ташкил этилаётган Нукус шаҳар 2-сон, Андижон шаҳар 2-сон ҳамда Самарқанд шаҳар 2-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернатларининг табиий фанлар йўналишида таълим олаётган ўқувчилари Агентлик тизимидаги бошқа мактабларга жойлаштирилади.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 1 апрелдаги ПФ-55-сон Фармони билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 апрелдаги ПФ-106-сон Фармонининг 4 ва 7-иловаларига мувофиқ қурилиши назарда тутилган 13 та ихтисослаштирилган мактаб-интернат негизида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг филиалларини ташкил этиш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 апрелдаги ПФ-106-сон Фармонига мувофиқ Вазирлар Маҳкамасига зарур ҳолларда, мазкур Фармоннинг 1 — 4-иловаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари таклифига асосан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимида ташкил этиладиган ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ва ихтисослаштирилган мактаблар сонини ошириш ҳуқуқи берилган эди.
ЎзА