Дастурчилик - "келажак" касби
Маълумотларга кўра, дунёнинг энг машҳур технологик гигант компаниялари Google, Global Foundries, Twitter, Alphabet, Microsoft, Nokia, Adobe ва Networks раҳбарлари ҳинд миллатига мансуб экан. Жаҳон бозоридаги IT мутахассисларнинг тўртдан уч қисми ҳиндлар. Дарҳақиқат, Ҳиндистон том маънода ахборот технологиялари мамлакатига айланган. 2019-2020 йиллари ушбу мамлакатда айни соҳага алоқадор 12 миллион иш ўрни яратилиб, IT хизматлари экспорти қиймати 150 миллиард долларни ташкил этди. Миллиардлаб долларлик хорижий инвестиция жалб қилинган 7 мингдан ортиқ стартап фаолият юритмоқда.
Умуман, нафақат Ҳиндистонда, балки дунё миқёсида IТ технологиялари, стартап ғоялари, компьютер саводхонлигига катта эътибор берилади. Бу соҳа мамлакатларнинг ижтимоий, сиёсий, иқтисодий тараққиётида муҳим ўрин эгаллайди. Табиийки, республикамизнинг глобал дунёга тизимли равишда трансформациялашиб бориши ҳам, биринчи навбатда, мамлакат ёшлари, уларнинг ижтимоийлашуви билан боғлиқ.
Шу боис мамлакатимизда сўнги йилларда ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш, дастурий маҳсулот экспортини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2017йил қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони IT-компанияларга қатор имтиёз, преференциялар тақдим этилишига асос бўлди. Ушбу ҳужжатга кўра, компаниялар 2028 йилгача ҳар қандай солиқдан, асбоб-ускуна олиб киришда божхона тўловидан, чет эллик мутахассислар жалб қилиш учун рухсатнома олишдан тўлиқ озод қилинди.
Соҳага эътибор натижасида АКТ йўналишида бир қатор ютуқларга эришилмоқда. Хусусан, 2021 йил IT Park резидентлари экспорти ҳажми, қарийб, 3 баравар ошди. Айни йўналишдаги компаниялар томонидан 2,5 триллион сўмлик хизмат кўрсатилди, умумий миқдорнинг 46 миллион доллари экспорт ҳиссасига тўғри келди. Бу кўрсаткич 2020 йилга қараганда 2,8 баробар кўп. Ўтган йил давомида 104 янги корхона ташкил этилиб, IT Park резидентлари сони 523 тага етди.
Ахборот технологиялари юқори талабга эга, энг устувор соҳалардан бирига айланиб бораётган, стартаплардан тортиб энг йирик компанияларгача яхши IТ мутахассисига эҳтиёж сезаётган бугунги кунда мамлакатимизда йилига ўртача 5 мингдан ортиқ олий маълумотли IT мутахассис тайёрланади. 2019 йилда “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси илгари сурилиб, барча ҳудудларда IT-марказлар очилиши туфайли эндиликда ҳар йили 50 мингдан зиёд ёш мутахассис тайёрланмоқда. IT-парк резидентлари сони 440 дан ошиб, мингга яқин янги иш ўрни пайдо бўлди. Дастурий маҳсулот ва хизмат ҳажми 1 триллион сўмга етди.
АКТ соҳаси мутахассисларини янада кўпайтириш, уларга жаҳон андозаларига мос равишда таълим бериш мақсадида бир неча нуфузли хорижий олий таълим даргоҳлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, мамлакатимизда ушбу таълим масканлари филиаллари очилди.
- Ўқув муассасамиз Жанубий Корея университетлари кучли ўнталиги (Топ-10)га киради, - дейди Тошкент шаҳридаги Инҳа Университети ректори Музаффар Жалолов. - Техника ва муҳандислик факультетлари эса мамлакат етакчилар рейтингида тўртинчи ўринда туради. 2014 йил Ўзбекистонда шундай нуфузли даргоҳ филиали очилиши ахборот-комуникация технологияларига иштиёқи баланд ёшлар учун айни муддао бўлди. Бу ерда компьютер ва дастурий муҳандислик ҳамда логистика йўналишлари бўйича халқаро меҳнат бозорида юқори талабга эга мутахассислар тайёрланади.
Ҳаққонийлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида ҳар йили Жанубий Кореянинг Инҳа университети профессор-ўқитувчиларидан иборат комиссия қабул жараёнини текшириб боради.
Дарс тўлиқ инглиз тилида олиб борилади. Профессор-ўқитувчиларнинг 30 фоизи Австралия, АҚШ, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Болгария, Италия, Россия ва Буюк Британиядан келган малакали мутахассислар. Ўқиш жараёни Корея Республикаси таълим стандарти асосида ташкил этилган. Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ёшларга хорижга чиқмасдан халқаро даражада таълим олиш имкониини беради. Битирувчиларга икки хил диплом берилади: Тошкент шаҳридаги Инҳа университети давлат дипломи ва Жанубий Кореядаги Инҳа университети халқаро дипломи. Бир хил кучга эга мазкур икки ҳужжат ер юзининг барча нуқталарида тан олинади ва ёшларимиз дунё миқёсида фаолият олиб боришларида асқотади.
Мазкур таълим даргоҳини 2021 йил аъло баҳоларга тамомлаган, соҳасининг етук мутахассиси бўлган навоийлик Умматой Йўлдошевани ёш дастурчи сифатида нафақат юртимизда, балки бир қатор чет давлатларда ҳам яхши билишади. Бу ёш мутахассис фаолиятини 2017 йил ижтимоий муаммоларга ечим топишдан бошлаган. Унинг илк лойиҳаси атроф-муҳит тозалигини таъминлаш ва шу билан бирга кераксиз, ишлатилмайдиган, фойдаланишга яроқсиз буюмлардан даромад топишга йўналтирилган эди.
Умматой, асосан, ёрдамга муҳтож, кам таъминланган оилалар фарзандларига моддий кўмак бериш, аёлларни иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратган. У 2020 йил аёлларни банд қилишга қаратилган “Coozin” лойиҳаси устида иш бошлади. Шу орқали мамлакатимиздаги ишсиз, эҳтиёжманд аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига га кўмаклашишни кўзлади.
- IT мутахассислари интернет мавжуд бўлган ҳар қандай давлатда ишлаши мумкин, - дейди Умматой Йўлдошева. - Ҳозир юртимизда дастурчилик соҳасига доир жуда кўп фойдали лойиҳалвр, танловлар ишлаб чиқилмоқда. Дастурчилик "келажак касби" деб атала бошлади. Ўзбекистонда яхши дастурчига талаб доим юқори. Ёш, яъни соҳага энди кириб келган дастурчи 200 доллар атрофида, тажрибали мутахассис эса 1000-3000 долларгача ойлик маош олиши мумкин. Ҳатто, жамоа бўлиб ишлаб, ўз хизматини чет элга сотаётган дастурчиларимиз борган сари кўпаймоқда. Улар 4000-6000 долларгача даромад топишади.
Умматой яратган илованинг асосий мақсади уйда ўтирган хотин-қизларга ҳеч қандай маблағ сарфламасдан туриб, мустақил равишда ўз бизнесини йўлга қўйиш учун қулай онлайн-платформа яратиш, масалан, аҳолига уйда пиширилган арзон ва сифатли таом етказиб беришдан иборат. Лойиҳанинг устувор жиҳатларидан бири шундаки, ошпаз қулай тарзда патент олиб, ишлай олади. Қолаверса, бунда иш стажига эга бўлиш ва пенсия жамғармаси учун маблағ йиғиб бориш имкони ҳам бор. Лойиҳа доирасида ҳозир 65 нафар аёл иш билан тъминланди, 300 дан зиёд хотин-қиз ошпазлик маҳорати, бизнес ва каби курслар бўйича таълим олди.
Бу истеъдодли ўзбек қизи изланишлари туфайли 2019-2020 йиллар давомида 10 га яқин нуфузли халқаро грантларни қўлга киритди, турли лойиҳалар стипендиати бўлди, совринларни эгаллади. У “GradUz” ва “Coozin Startap” лойиҳалари асосчиси ҳисобланади. Менежмент бўйича Грузияда малака оширган.
Умматой Йўлдошева 2021 йил “Алуластра” корхонасига асос солди. IT маҳсулотлар яратиладиган ушбу корхонада 10 нафардан зиёд ёш мутахассис фаолият юртади.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда АКТ соҳасини ривожлантириш, илғор технологияларни фаоллаштириш, изчил юксалтириш бўйича доимий равишда дастурлар ишлаб чиқилиб, аниқ қадамлар қўйилмоқда. Бу эса келажакда фойдали, замонавий соҳада янада кўпроқ билимдонлар тарбияланишига, ёшларимизнинг интеллектуал салоҳияти ошиб боришига хизмат қилади.
Гўзал Сатторова, ЎзА мухбири